ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ КУРАШДА ҚОЗОҒИСТОН ТАЖРИБАСИ

Охирги чорак аср давомида Марказий Осиё давлатларида дин ва дунёвийлик масаласи энг долзарб муаммолардан бири бўлиб қолмоқда.
Диний эътиқодни тақиқлаб келган Совет Иттифоқи идеологиясидан озод бўлган халқнинг, “оғзи ошга етганда бурни қонади”. Учинчи ўн йилликдирки, радикаллашув ва диний экстремизм янгидан-янги кўриниш олади, аммо барҳам топмайди. “Ироқ Шом исломий давлати” номли террористик гуруҳ фаолиятидан ҳам марказий осиёликлар ҳаммадан ортиқ жабр кўрди.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларидан сўнг Марказий Осиё давлатларида диний радикаллашув ва экстремистик ғояларга асосланган ҳаракатлар фаолияти авж олди. Бундай ташкилотларнинг аксариятининг фаолияти қонун ёки суд ҳукми билан тақиқланди. Аммо шунга қарамай маҳаллий аҳоли орасида бу диний оқимларга аъзо бўлаётганлар сони ташвишлилигича қолмоқда. Қолаверса, бу диний оқимларга аъзо бўлганларни панжара ортига юбориш муаммонинг тўлиқ ечими эмас. Тожикистонда охирги ярим йил ичида икки бор экстремист ва террорчиликда айбланиб қамалган маҳбуслар қамоқхоналарда исён кўтарди. Кузатувчилар Тожикистон Ҳукуматини маҳбусхоналарда радикаллашув меъёридан ортиб кетганлигидан огоҳлантиришмоқда.
Яқин Шарқда “Ироқ Шом исломий давлати” лойиҳаси иш бошлагач, Марказий Осиё давлатларининг ҳар биридан минглаб одамлар, ҳатто аҳли оиласи билан бу террористик гуруҳ сафига бориб қўшилди. Айни пайтда бу гуруҳ тор-мор этилгач, жангчиларнинг хотин ва бола чақалари ватанига қайтарилмоқда. Биринчилардан бўлиб Қозоғистон ва Тожикистон Ироқ ва Суриядаги ватандошларни қайтарди. Аммо жамиятда уларни қайтариш хавфли эканлиги тўғрисидаги гап-сўзлар ҳам қулоққа чалинмоқда. Шунга қарамай Ўзбекистон ҳам жанг майдонидаги ватандош аёл ва болаларни қайтаришга қарор қилди. Қирғизстонда бу масала ўрганилмоқда. Ироқ ва Сурия жанг майдонларида бева қолган аёл ва етим қолган болалар масаласи Марказий Осиёда давлат ва жамият учун жиддий муаммо бўлди. Ким унга панжа орасидан қараса, оқибатидан зарар кўриши мумкин.
Қозоғистонда «Терроризмга қарши қўмита» Жумҳуриявий жамоат бирлашмаси Бошлиғи Аманжол Уразбаевнинг айтишича, мамлакатда Ироқ ва Сурия жанг майдонларида қолган ватандошларни қайтариш бўйича “Жусан” амалиёти бошланганида буни жамоатчилик турлича қабул қилди.

“Қозоғистон фуқаролари “Жусан” амалиётида Суриядан қайтарилиб олиб келингани хабар қилинганида, ижтимоий тармоқларда кўплаб шарҳларга сабаб бўлди. Айтиш мумкинки, жамият иккига бўлинди. Баъзилар уруш майдонидан ватандошларни қайтиб олиб келиш давлат сиёсатини қўллаб-қувватлади. Бошқалар аксинча, бу ишга қарши чиқдилар. Уларнинг фикрича, бу одамлар жиҳод қиламиз деб атай жанг майдонларига кетган. Уларни қайтиб олиб келиш жамият учун хавфли”.
Жамиятда бу ишга қарши чиққанлар ҳам кўпчиликни ташкил этишига қарамай, Қозоғистон Ҳукумати “Жусан” амалиётини давом эттирди. Бу иш учун катта маблағ ажратди. Қозоғистон тажрибаси бошқа давлатлар учун ўрнак бўлди.
Айни пайтда биз шу муаммоларнинг келиб чиқиш сабабини ўрганишга ва келгусида шундай ишларнинг олдини олиш учун нима қилиш лозимлиги билан қизиқдик.
Маълумки, жамиятда радикаллашувнинг олдини олиш, экстремизм ва терроризмга қарши курашишда Марказий Осиё давлатлари ичида Қозоғистон илғор тажрибага эга. Шунинг учун ҳам бу масалада қозоғистонлик мутахассислар фикри билан қизиқдик.

Қозоғистонлик тарихчи олим ва диншунос, «Шанырак» – диний масалалар бўйича олдини олиш, қайта тиклаш ва маслаҳат маркази Бошлиғи Мирхат Мадияровнинг айтишича, ҳамма муаммо идеологиянинг йўқлигида. Совет Иттифоқи пайтидаги идеология ўрни бўш қолди. Шунинг учун унинг ўрнини бегона ғоялар эгалламоқда.
“Агар жамият ўз идеологияси билан тўла бўлса бу муаммо хатарли эмас. Биз Марказий Осиё, Қозоғистонда кўраётган ҳолимиз, бу инқироз. Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг идеология йўқолди. Ҳамма кетди, мактабдан директор, ўқитувчи, боғчадан тарбиячи ва бошқа, бошқа, бошқалар…
Совет Иттифоқи пайтидаги идеологиянинг ўрни бирданига бўш қолди. Агар жамият ўз ғояси билан тўла бўлса, унга бошқа ғоянинг кириб келиши жуда қийин. Агар бўш бўлса, дарров кириб келади. Биз кўраётган нарсамиз идеологларнинг етишмаслиги. Мафкура бўш қолди. Бундай ҳолатда ташқи хавфлар осон таъсир ўтказа олади. Айни ҳолатда ташқи таъсир бу ахборт урушлари…
Агар бизнинг идеология тўла бўлганида эди, бу хавф-хатарлар бизни четлаб ўтар эди. Яъни у жамиятга кира олмас эди. Масалан, Туркия давлати. У ерда, гарчи Сурия ва Ироқ давлатларига биздан кўра яқинроқ жойлашган бўлса ҳам, муаммо бизникичалик хавф солмади”
,–дейди Мирхат Мадияров.

Павлодар шаҳридаги динлараро муносабатларни таҳлил қилиш ва ривожлантириш маркази Директори Гульназ Раздиқова ёшларнинг диний ниқоб остида фаолият юритадиган террористик ва экстремистик гуруҳ, оқим, ҳаракатларга қўшилиб кетмаслиги учун болаларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш лозимлигини таъкидлайди.
“Иммунитетни шакллантириш учун аввало ота-оналарнинг ўзи мамлакатда қайси ташкилотлар фаолияти тақиқланган эканлигини билиши керак. Бу рўйхат сир эмас. Ҳамма ерда бор. Прокуратура сайтларида эълон қилинади. Тарқатилади.
Иккинчидан, экстремистик ташкилотлар аломатларини билиш лозим. Айни пайтда фарзандларнинг ҳар бир ҳатти-ҳаракатини кузатиш керак. Уларнинг ташқи ҳаракатларида ҳам ўзгаришлар сезила бошлайди. Ҳар бир майду-чуйда нарсага ҳам эътибор бериш керак. Боланинг фикрлари, қизиқишлари ўзгара бошлайди”
,–дейди Гульназ Раздиқова.

Бугун Марказий Осиё давлатларида радикал диний оқимлар дунёвий давлатдорликка жиддий хавф сифатида кўрилар ва жамиятга экстремизм, терроризм хавф солар экан, бу ғоя ва ҳаракатларга қарши ҳар бир давлат ўзига хос йўллар билан курашиб келмоқда.
Бу масалада Қозоғистон тажрибасидан ўрганиладиган жиҳатлар кўп. Масалан, мамлакат пойтахти, Нурсултон шаҳрида жойлашган минтақадаги энг йирик “Ҳазрат Султон” масжидида Марказий Осиёнинг бошқа давлатларда кузатилмайдиган тажриба, 24 соатлик “қўнғироқ маркази” фаолияти йўлга қўйилган.

Масжид имомининг муовини Боқитжон Ўткилбоевнинг биз билан суҳбатда айтишича, қўнғироқ марказида 6 нафар навбатчи имом ўтиради. “Бутун мамлакат бўйлаб, одамлар 33-30-30 рақамларига қўрғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишади. Агар навбатчи имом керакли жавобни қайтаролмаса, савол ёзиб олиниб, бошқа имомлар билан маслаҳатлашилиб, кейин савол эгасига қайта қўнғироқ қилиб жавоб қайтарилади. Келаётган саволлар автоматик тарзда аудио ҳолатида компютерга ҳам ёзиб борилади. шунингдек, ҳар бир мурожаат журналга ҳам қайд этилади. Кунига 30, 40, 50 мурожаат бўлмоқда. Борган сари мурожаат қиладиганлар сони ортиб бормоқда”,–дейди суҳбатдошимиз.

Тарих фанлари номзоди, айни пайтда диний масалалар бўйича ҳам мутахассис бўлган Мирхат Мадияровнинг айтишича, қўнғироқ маркази масъуллари одамларнинг саволларига ишончли диний манбаларга таяниб жавоб қайтаради.
“Улар Қуръон, Ҳадис ва буюк олимлар таълимотига таяниб жавоб қайтаришади. Мамлакатда бундай ишончли маълумот марказининг фаолият қилиши жуда муҳим. Бу одамлар динга оид саволларига интернет ёки бошқа синалмаган манбалардан жавоб қидириб, радикал, экстремист ёки террорчи гуруҳларнинг тузоғига тушиб қолишининг олдини олади”,–дея таъкидлайди М.Мадияров.

Озод МЕЛИБОЕВ,
Тожикистон-Қозоғистон-Тожикистон.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *