БОЛАЛАРГА УЧИШДА ҚУЛАЙЛИК

2018 йилнинг биринчи ярмида 29 минг нафар болалар “Тожик Эйр” ширкатининг парвоз учун жорий этган имтиёзидан баҳраманд бўлишди. Шунингдек, ушбу ширкат томонидан 6 ой давомида 261 та ватандошлар тобути хорижий давлатлардан Тожикистонга бепул келтирилди.
Бу ҳақида “Тожик Эйр” ширкатининг Бош директори Хайрулло Раҳимов 30-июл куни матбуот анжуманида “Замон” мухбири саволига жавоб бериш пайтида маълум қилди.
Унинг айтишича, 29 минг нафар болалардан 16308 нафари 5 ёшгача бўлганлар бўлиб, уларга бутунлай бепул чипталар тақдим этилган. 12 минг нафардан ортиқроғи эса, 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болалар бўлиб, уларга билетлар 50 фоизлик чегирма билан берилган.
Таъкидлаш зарурки, “Тожик Эйр” Тожикистондаги ягона давлат авиакомпанияси бўлиб, катталар ҳамроҳлигидаги 5 ёшгача бўлган болаларга бепул билет билан учиш имкониятини беради. 5 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларга эса, билетлар 50 фоизлик чегирмалар билан берилади.
Болаларга бу имтиёзлар Тожикистон Ҳукумати қарори асосида жорий этилган бўлиб, 2006 йилдан бери амал қилиб келади.
“Тожик Эйр” ширкатининг Бош директори Хайрулло Раҳимовнинг айтишича, ширкатнинг хизмат кўрсатиши барча йўналишлар бўйича йилдан-йилга яхшиланиб бормоқда.
2018 йилнинг биринчи ярмида қатновларнинг кеч қолиши 2017 йилнинг шу даврига нисбатан солиштирганда 38 фоизга камайганлигини таъкидлади, ширкат Бош директори. Шунингдек, ширкат янги йўналишлар бўйича ҳам қатновлар ташкил этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, “Тожик Эйр” ширкати 29 июльдан бошлаб “Душанбе-Самарқанд-Душанбе” йўналиши бўйича тайёралар қатновини йўлга қўйди.
Тожикистондаги яна бир маҳаллий авиаширкат “Сомон Эйр” бўлса, 2 ёшгача бўлган болаларга бепул чипталар тақдим этади. Бу ширкатда 50 фоиз чегиримли чипталар 2 ёшдан 12 ёшгача бўлган болаларга берилади.
“Сомон Эйр” ширкатининг Тижорат директори Абдулқосим Валиевнинг айтишича, компания йил бошидан бери 6215 нафар болаларга имтиёзли хизмат кўрсатган. Шунингдек, хорижий юртларда вафот этган 90 нафар юртдошларнинг тобутини Тожикистонга бепул келтирган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *