ЎЗБЕКИСТОН ЧИНГИЗ АЙТМАТОВНИНГ 90 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАЙДИ

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев атоқли қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг 90 йиллигини кенг нишонлаш ҳақида махсус қарор чиқарди.
Ўзбекистонда буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти қарори эълон қилиниб, буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита тузилади.
“Ўтган асрнинг 80-йилларида собиқ Марказ томонидан уюштирилган “ўзбек иши”, “пахта иши” каби ноҳақ сиёсий кампаниялар чоғида Чингиз Айтматовнинг адолат ва ҳақиқат куйчиси сифатида халқимизнинг шаъни ва обрў-эътиборини катта минбарлардан туриб мардона ҳимоя қилганини эл-юртимиз ҳамиша миннатдорлик билан эслайди. Бетакрор ижодкорнинг давлатимиз томонидан “Дўстлик” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирлангани ҳам шундан далолат беради.
Атоқли адиб ўзбек адабиёти ва санъатининг йирик намояндалари билан яқин дўст ва ижодий ҳамкор бўлгани ёш адибларимиз учун юксак ибрат намунасидир”, — дейилади ҳужжат матнида.
Давлат раҳбари кўрсатмаси билан буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини нишонлаш бўйича ташкилий қўмита тузилади. Ташкилий қўмита чора-тадбирлари режасида: “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” номли хотира китобини нашрга тайёрлаш ва чоп этиш, Айтматов ҳаёти ва ижодий фаолияти ҳақида ҳужжатли фильм яратиш, ёзувчи асарлари асосида янги спектакль саҳналаштириш ва бадиий фильм суратга олиш, адиб хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номини бериш, Тошкент вилояти Паркент туманидаги 33-мактабда адиб бюстини ўрнатиш кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда “Чингиз Айтматов ва ўзбек адабиёти” мавзусида илмий конференция ўтказилади.
Ўзбекистондаги олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда таниқли шоир ва ёзувчилар, олимлар иштирокида учрашувлар, адабий кечалар ташкил этиш кўзда тутилган.
2018 йил декабрь ойининг иккинчи ўн кунлигида Ўзбек Миллий академик драма театрида атоқли адиб хотирасига бағишланган ижодий кеча ўтказилади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *