ЎЗБЕКИСТОНДА ИЛК БОР “ЁШ ВАТАНДОШЛАР” ФЕСТИВАЛИ

Айни пайтда хорижда истиқомат қилаётган 70 нафар ёш ватандошлар 10-16-апрель кунлари Ўзбекистонда меҳмон бўлади. Шу кунлари илк бор Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташаббуси билан “Ёш ватандошлар” фестивали бўлиб ўтади.
“Ёш ватандошлар” фестивалини ўтказишдан кўзланган мақсад хорижда яшаётган ватандошларни Ўзбекистоннинг бой маданий мероси, азалий қадриятлари, урф-одатлари ва асосийси, ёшларимизнинг ҳаёти билан яқиндан таништиришдан иборат. Шунингдек, улар ўртасида ўзаро мулоқот муҳитини шакллантириш, уларнинг тажрибаларидан унумли фойдаланиш ва юртимиздаги ислоҳотларга жалб қилиш, инвестиция киритишга тарғиб қилиш ҳам мўлжалланган.
Фестиваль Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларида бўлиб ўтади.
– Фестивалда Америка Қўшма Штатлари, Россия, Япония, Туркия, Покистон, Қирғизистон ва Тожикистон каби 18 дан зиёд нуфузли мамлакатлардан 70 нафар ёшлар ташриф буюради ва жами 400 нафар ёшлар иштирок этади ва жамиятимиз ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида рўй бераётган ўзгаришларга гувоҳ бўлиб, ўзаро тажриба алмашиш имкониятига эга бўлишади, – дейди Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Камолиддин Бекназаров.
“Ёш ватандошлар” фестивали тадбиркорлик, туризмни ривожлантириш, илм-фан ва ахборот технологиялари йўналишларида иш олиб боради. Мазкур йўналишларда давра суҳбатлари ўтказилиб, уларда чет элда муваффақиятли фаолият олиб бораётган, илмий салоҳияти юксак бўлган ёшлар тақдимот қилишади, шунингдек, юқори тажрибага эга бўлган давлат вакиллари билан фикр-мулоҳазалар алмашишади.
Фестиваль доирасида “Муваффақиятли стратегия пойдевори”, “Ўзбекистонда ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш”, “Ўзбекистонда архитектура келажаги”, “Ўзбекистонда барқарор ҳамкорлик учун асос“, “Бизнес –Ўзбекистонда инвестиция иқлими” ҳамда “Сайёҳларни туризмга жалб этиш йўллари”, “IT–лойиҳаларни бошқаришда энг муваффақиятли механизмлар”, “Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ривожланиш истиқболлари” каби қатор мавзулар кенг муҳокама қилинади.
“Ёш ватандошлар” фестивали узоқ-яқиндан келган ўзбек ёшлари ўртасида самарали конструктив мулоқот ўрнатиш майдонига айланади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *