Президент: “Шоирнинг ҳолидан хабар олинглар!”

Шоир Бозор Собирнинг рафиқаси Гулчеҳра Собирнинг сўзларига қараганда, эрининг аҳволи оғирлигича қолмоқда. Унинг айтишича, Бозор Собир бир ҳафтадан бери Сиэтл шаҳридаги шифохоналардан бирида даволанмоқда. «Мен палатада унинг ёнидаман. У жуда оғир аҳволда», – дейди Гулчеҳра.
Машҳур шоирнинг рафиқаси сўнгги вақтларда Бозор Собир юрагидан шикоят қилганини маълум қилди.
Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 5 апрел куни Ташқи ишлар вазирлиги, мамлакатнинг АҚШдаги элчихонасига, ТРнинг БМТдаги ваколатхонаси раҳбариятига Американинг Сиэтл шаҳридаги шифохонага бориб шоир Бозор Собир ҳолидан хабар олишни ва уни даволаш ҳамда ватанга қайтариш масаласида зарур чоралар кўришга расман топшириқ берди.
Таниқли тожик шоири яқинда фарзандлари истиқомат қилаётган Америкага келган эди. Кеча унинг Сиэтлдаги шифохоналардан бирига тушиб қолгани ҳақида хабар тарқатилди. Фейсбук фойдаланувчиларидан бири, Бозор Собир айни дамда шифохонанинг жонлантириш бўлимида эканлигини маълум қилди.
79 ёшли Бозор Собир Файзобод туманидаги Суфиён қишлоғида туғилган ва Ҳисордаги интернатда вояга етган. 1962 йилда Тожик давлат университетининг филология факультетини тамомлади. 1970-80-йилларда Бозор Собир мамлакатдаги таниқли шоирлардан бири эди. 1980-йиллар сўнгида Тожикистон Демократик партияси сафларига қўшилди. 1990 йилда шоир Тожикистон Олий Кенгашига Файзобод сайлов округидан депутат этиб сайланди, у ўз хоҳиши билан парламентдан кетган ягона халқ вакили ҳисобланади.
Бозор Собир – Тожикистон халқ шоири, Абуабдулло Рудаки номли давлат мукофоти совриндори.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *