ЎЗБЕКИСТОН ТОЖИКИСТОНЛИКЛАРГА ВИЗАНИ “БЕКОР” ҚИЛДИ

Тожикистон фуқаролари 16 мартдан бошлаб Ўзбекистонга визасиз келишлари мумкин. Бу борада президент Мирзиёев томонидан имзоланган “Халқаро шартномани имзолаш тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Маҳаллий ОАВларнинг билдиришича, 14 март куни Ўзбекистон томони визасиз борди-келди масаласида ички давлат процедураларини якунлади ва президент 9 март куни Душанбеда имзоланган фуқароларининг ўзаро келиб кетишлари тўғрисидаги ҳукуматлараро битимни тасдиқлади.
Қарорга кўра, расмий Тошкент Битим расмий кучга киритилишини кутиб ўтирмай, тожикистонликларга енгиллик бериш мақсадида визасиз ҳаракатланишга рухсат берган.
Шавкат Мирзиёев ўз қарори билан Наврўз байрами муносабати билан одамларнинг бир-бириникига бориб-келишларини енгиллаштиргани хабар қилинмоқда. 16 мартдан бошлаб, Тожикистон аҳолиси амалдаги йўл ҳужжатлари билан 30 кунга Ўзбекистонга келишлари мумкин.
Тожикистон парламентининг қуйи палатаси визасиз тартиб ҳақидаги битимни келаси ҳафтада ратификация қилишни режалаштирмоқда.
“Фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисида”ги битим Тожикистон ва Ўзбекистон президентлари томонидан 9 март куни, Шавкат Мирзиёвнинг Душанбега давлат ташрифи вақтида имзоланган эди. Унга кўра, икки мамлакат фуқаролари қўшни ҳудуддда ўттиз кунгача виза расмийлаштирмасдан бўлишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёвнинг давлат ташрифи арафасида Тожикистон ва Ўзбекистон чегарасидаги 9 та автомобиль ва битта темирйўл НЎП ўз ишини қайта тиклади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *