Ўзбекистон: «Сизга икки баробар арзон қилиб бераман!»

2018 йилда Ўзбекистон Тожикистонга 15,1 миллион долларлик 126 миллион кубометр табиий газ етказиб беради. Бу борадаги Битим «Таджиктрансгаз» ОАЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ ўртасида имзоланди, дея хабар берди ТР ҳукуматидаги манбага таянган ҳолда маҳаллий ОАВ.
Манбанинг таъкидлашича, Ўзбекистон Тожикистонга ҳар минг кубометр “мовий газ”ни 120 доллардан сотади, бу айни дамда жаҳон бозорларида кузатилаётган нархдан икки баробар арзондир (бугунги кунда жаҳон биржасида нарх–1000 куб метри 277 АҚШ долларини ташкил қилади).
Манбанинг қўшимча қилишича, Ўзбекистон эҳтиёж туғилгудек бўлса, Тожикистонга табиий газ етказиб бериш ҳажмини оширади.
Табиий газ етказиб беришни қайта тиклаш масаласида «Таджиктрансгаз» ОАЖ ва «Ўзтрансгаз» АЖ ўртасида музокараларнинг биринчи раунди ўтган йилнинг октябрь ойида ўзбек-тожик энергетик ҳамкорлиги бўйича мулоқот доирасида Термизда бошланган эди.
Ўшанда 2017 йил охирига қадар барча масалалар ҳал бўлиши ва томонлар йиллик Битимни имзолаши, бунинг асосида 2018 йил бошидан ўзбек гази Тожикистонга етказиб берила бошланиши кутилган эди. Бироқ бу ҳодиса юз бермади.
Ўзбекистон Тожикистонга газ етказиб беришни 2012 йилда тўхтатиб қўйган эди. Ўзбекистондан импорт қилинадиган табиий газнинг асосий истеъмолчилари асосан “Тожик алюмин компанияси” ДУК ва айрим саноат корхоналари, жумладан Душанбе цемент заводи ҳисобланади. Бу корхоналарнинг ҳаммаси синтезланган газга ўтган эди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *