ОНА ҲАҚИДА ШЕЪРЛАР

Алишер НАВОИЙ
ТЎРТЛИКЛАР

Оналарнинг оёғи остидадир
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг
Бўл онанинг оёғин туфроғи.
* * *
Бошни фидо айла ато қошиға,
Жисмни қил садқа ано бошиға.
Тун, кунингга айлагали нурпош
Бирисин ой айла, бирисин қуёш.

Миртемир
СЕН ОНА…

Алишерга алла айтиб ухлатган
Сен — она.
Оғушида Бобур камолга етган
Сен — она.
Торобийни оғир жангга жўнатган
Сен — она.
Оламни нурида мунаввар этган
Сен — она.
Йиғласа, дунёни расо титратган
Сен — она.
Кулгиси саодат парвариш этган
Сен — она.
Даҳолар бешигин бедор тебратган
Сен — она.
Меҳри баҳорида элни яшнатган
Сен — она.
Ягона ўғлингни жўнатдинг жангга,
Бўл бардам, она!
Онадай ошиқ йўқ она Ватанга,
Муҳтарам она…

ШУҲРАТ
О, ОНА…

Зулфияга
Кўз очиб оламга келгандан бери
Неларни кўрмади бу бошим менинг.
Озми-кўп танидим ҳаётнинг сирин,
Қирққа ҳам етибди бу ёшим менинг.
Йилдан-йил орттирдим талай дўсту ёр,
Ҳурматлаб дедилар, «дўстим», «ўртоғим»,
Улғайдим: кўксимга бош қўйиб дилдор,
У деди: «Бахтимсан, суянган тоғим!..»
О, она, ҳеч бири эмасдур ширин
«Болам!» деб бир оғиз айтган сўзингдан!
О, она меҳрингда қуёш яширин,
Не ажаб гул унса ҳар бир изингда!

ТЎРТЛИК
Дунёда энг яхши, меҳрибон она,
Бу менинг онамдир, билинг, ёронлар!
Эй, ўғил-қизларим, бўлинг парвона
Онамда қолмасин дарду армонлар!

Тўра СУЛАЙМОН
ТАВАЛЛО

Бу йил 94 ёшни қоралаётган онам — Мукаррама уста Нурмат полвон қизларининг шарофати билан битилган машқим
Нелардандир кўнгил бўлиб ғаш,
Ҳам эгилиб бу эгилмас бош,
Кўзларимда қалқиб турса ёш,
Бу ҳолимга беролмай бардош
Муштипар бир Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Қайтар бўлсам қуруқ қўл овдан,
Қора қозон қолса қайновдан,
Ҳам айрилиб ўлжа, уловдан,
Қарзга ботар бўлсам бировдан
Таскин бериб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бирда ҳақдин, бирда ноҳақдин,
Жабр кўрсам бир бетавфиқдин.
Ортда турсам қалби қуроқдин,
Қадрим хароб бўлса тупроқдин.
Оҳлар уриб Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Оға-ини ўртасида гап…
Алҳол, келиб чиқмиш ихтилоф:
Бири иззат, бири мулк талаб.
— Бу оқ сутим, меҳримга хилоф, —
Дея шўрлик Онам йиғлайдир ,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Синалмоқнинг гали келганда,
Ноҳақ мағлуб бўлсам майдонда,
Номим қолмас бўлса жаҳонда,
Ким дўст-душман билинар онда
Аҳволимга Онам йиғлайдир,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Ҳаним бир ён, мен бир ён бўлсам,
У устивор, мен урён бўлсам,
Бу ҳам камдай ногирон бўлсам —
Ёғоч отга ёнма-ён бўлсам
Ой тутилиб, Онам йиғлайдир ,
Қолганлари ёлғон йиғлайдир.
Бўлсам гумроҳ, бўлса гуноҳим,
Вужудимга солмасдин ваҳм,
Қабул айла тавалло-оҳим,
Дариғ тутмай меҳринг, илоҳим,
Йиғлатмагил мушфиқ Онамни,
Волидаи Муҳтарамамни

Ҳусниддин ШАРИПОВ
ОНА НАВОСИ

Кечалар узундир, кечалар узоқ,
Гоҳ кўзим илинмас тонг қадар, болам.
Кўнгил мавжларига солганда қулоқ,
Хаёлга не келиб, не кетар, болам.
Фарзанддир онанинг умрига гултож,
Дардига малҳам-у, бахтига йўлдош,
Ҳеч кимни этмасин ҳеч кимга муҳтож,
Миннат ёш жонингни оғритар, болам.
Майли, ўлтирмагин тун-кун бошимда,
Етар пайдо бўлсанг тез-тез қошимда,
Балки ризқинг бордир бир кафт ошимда,
Гап-сўзни айласам мухтасар, болам.
Гоҳ борсам уйингга ўзимдан ортиб,
Яйрар набиралар сакрашиб, йўртиб,
Кўтарсам, қўлимдан олмагин тортиб,
Менга ҳам ярашар ғунчалар, болам.
Азиз умринг бўлиб шоҳона бир байт,
Қўшиқлар ичингдан тошиб кетган пайт
Арзингни менга ҳам тушунтириб айт,
Қолмайин дардингдан бехабар, болам.
Ўз инин ватан деб севаркан турна,
Сен ҳам ҳар заррасин кўзга эт сурма.
Ичмагин, чекмагин, бемаҳал юрма,
Бўлсин босган изинг бехатар, болам.
Хайр-хўш қилармиз бир кунмас-бир кун,
Тонгларим ҳуснини тўсганда ҳам тун,
Бахтингни кўрсам бас — мамнунман, мамнун,
Сен борки, бизлар ҳам мўътабар, болам.

Абдулла ОРИПОВ
ЎЗБЕК ОНАСИ

Муштипар ҳам ўзинг, буюк ҳам ўзинг,
Куйинчак ҳам ўзинг, куюк ҳам ўзинг.
Оламга татирлик суюк ҳам ўзинг,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Сени Тўмарис деб, мақтаганим бор,
Сен Темур бешигин тебратган бедор,
Сенсан Бибихоним, Нодираи зор,
Пайти келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Ватанни Она деб бекор айтилмас,
Она буюрганда йўлдан қайтилмас,
Сен ўзинг Каъбамсан, Байтул муқаддас,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Бошингдан нималар ўтмади ахир,
Ватандек тақдиринг бўлди гоҳ тахир,
Бобур шоҳ бўлсада, қошингда фақир,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Гоҳида балқидинг Барчиндек тўлиб,
Ғўзадек қуридинг Турсуной бўлиб,
Тимсолинг яловда юлдуздек кулиб,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Фарзандинг қувонса — сен ҳам қувондинг,
Фақат болам дединг, яшадинг, ёндинг,
Нокаси учраса, ўртандинг, тондинг,
Пайт кеди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Келажак тойчоғу тойингиздадир,
Жаннат ҳам, албатта, пойингиздадир,
Ватан-ку Сиз турган жойингиздадир,
Пайт келди, айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.
Сизга таъзим қилиб турибман бу пайт,
Сизга бахшидадир энг шоҳона байт,
Азиз элу юртга дуоларинг айт,
Пайт келди айтмоққа, гапнинг хонаси,
Эй, Ўзбек онаси, Ўзбек онаси.

Омон МАТЖОН
ОНА ДЕГАН СЎЗ

Юлдузлардан сирқилиб шабнам,
Уфқ билан кўришганда ер,
Офтобга кипригим билан
Она сўзни ёздим гўё шеър.
Аму оқар мисоли булут,
Уфқ бўлиб оқади Аму,
Қирғоғини этса ҳам унут,
Майсаларни унутмайди у!
Ҳар кўкат, ҳар баргнинг номига
У элтади тоғлардан таъзим,
Она деган сўзнинг ёнига
Чизгим келди МАЙСАнинг расмин.
Капалак ранг, булбуллар оҳанг
Кашфи билан маст бўлган лаҳза,
Она сўзин қаватига ман
Ёзиб қўйдим БАҲОР деб аста…
Мен жо этдим Она номига
Ерни сўнгги гардигача то.
Энди Она сўзи ёнига
Дадил ёзиб қўяман: ДУНЁ!
Мен юлдуз деб уни куйлайман,
У Ватандир,
У Арши аъло.
Мен унга минг ташбеҳ ўйлайман,
Етказурман миллионга ҳатто…
Ерда, лекин минг-минглаб одам
Она номин билса муқаддас.
Уруш деган биргина сўздан
Оналарни сақлай олур бас!

Рауф ПАРПИ
ОНАМГА ХАТ

Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,
Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.
Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,
Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.
Юзимга нафасинг урилар илиқ,
Ажиб ёруғликка тўлмоқда хона.
Суратим қошида дуолар қилиб
Тағин йиғладингми, муштипар она?
Ўша гап, севганим шу азиз Ватан,
Бу қадар ташвишлар ютмагил, бағрим,
Ўксук отам каби ҳали ҳам зотан,
Қалқиниб-қалқиниб турибди шаҳрим.
Биламан… сирни бой беришлик ёмон,
Ўғлингга бу йўлда бардошлар тила.
Баъзан топганимни ичиб қўяман
Сирни бой бермасдан улфатлар ила.
Бироқ эҳ, билмайман, гўёки зимдан,
Кимдир таъқиб этар мени беомон.
Қандайдир бир кимса балки ҳақимда
Хунук латифалар тўқийди, ёлғон…
Она, куйланмаган бир куй истайман
Ва лекин алдоғчи ҳислар олур жон.
Эҳтимол, қаламни бекор қистайман,
Нетайин, ростини айтгил, онажон.
Яшил дарахтзорни ечинтирар куз,
Пойимда баҳорнинг алвидо уни.
Бепарво ёшликни илғамайди кўз,
Қайлардан ахтарай, онажон, уни.
Билурман… йўлимда ғичирлар тошлар,
Заъфарон куз янглиғ хаёлим тақир.
Шаҳарнинг ғавғоли тинчини ташлаб,
Узоқ вақт ёнингга бормадим ахир.
Эшитдим, онажон, хафа эмишсан,
Кечир, ойлаб сенга ёзолмадим хат.
Гарчи муҳаббатдан тилардим эҳсон,
Ёруғ кунларимга бўлгандим илҳақ.
Бахтсизликка ўхшаб кетар бу ҳолим,
Сенсиз бахтсизликка ўхшайди қисмат,
Сенсиз ёришмасди менинг хаёлим,
Дунёнинг лақаби бўлурди Ҳасрат.

Маъруф ЖАЛИЛ
СЕНИ КЎРГИМ КЕЛАР, ОНАЖОН

Шодликдан осмонга етганда бошим
Бир жойга тўпланса дўсту қариндошим.
Ё бошимга тушса бирор мусибат,
Ёки биров айтса отамга раҳмат.
Учраб қолса йўлда таниш аёллар,
Дилдан тилга кўчса маъсум хаёллар.
Деса: «Кўринишда мағрур бўлса ҳам,
Йўқ эди онангдай муштипар одам».
Сени кўргим келар, онажон.
Ёр билан боғ кезсам ойдин кечалар,
Кўнглимда туғилса янги режалар.
Сирли куйлаб оқса жиғалар пастда,
Бахтимга юлдузлар боқса ҳавасда —
Шаббода силаса гулнинг юзини,
Тингламоқ истайман айтган сўзини.
«Боламнинг бўйини кўрай деб бир дам»,
Эҳтимол гул бўлиб чиққансан ердан.
Шу сабаб соғинч-ла боғаман гулга.
Армон фарёд қилар ўксиган дилда,
Сени кўз олдимга келтиролмай, гоҳ!
Эслолмай юрагим ўртанар ногоҳ.
Қандай бахтиёрдир онаси борлар,
Улар етимлардай чекмас озорлар.
Ўзинг кетдинг менга бериб умрингни
Соғиниб асрайман дилда меҳрингни.
Сени кўргим келар доим, онажон.

Ойдин ҲОЖИЕВА
ОНАЖОНИМ

Онажоним, кўзларингизда
Куннинг нафаслари бор эди,
Онажоним, юзларингизга
Ойнинг ҳаваслари бор эди.
Онажоним, сиз билан жаҳон
Беҳигулдай ифорли эди.
Тунлар ойдин, кунлар шодмон,
Шабадалар дуторли эди.
Тушларимга кириб чиқасиз
Сочларимни ўриб чиқасиз.
Фариштадай бошим узра гоҳ
Оромимни кўриб чиқасиз.
Талпинаман, қучсайдим қани?
Соғинчлардан қочсайдим қани?
Кўз ёшларим гулга айланса,
Пойингизга сочсайдим қани?
Онажоним! Жонажоним!

Хуршид ДАВРОН
УЧ ШЕЪР

* * *
Битта кўз бор бу дунёда –
Сеҳрли, оддий.
Битта сўз бор бу дунёда –
Нурли, абадий…
Мен у кўзга етаман аммо,
Мен у сўзни айтаман аммо
Бу дунёда битта қабр бор,
У мени кутади умидвор.
Сўроқлайди мени еллардан,
Сўроқлайди мени йўллардан…
Бу дунёда битта қабр бор,
У мени кутади умидвор.
Пойида жим чўккалаб олиб,
Кўзларимга йиғилган дардни
Унинг заъфар майсаларига
Сочиб, сочиб, сочиб йиғласам…

* * *
Онам қариб қолган. Тушида
Сўзлашади у отам билан.
Кўзларидан оққан ёшида
Мен отамнинг аксин кўраман.
Онам қариб қолган. Қўрқаман,
Баъзан азоб бўғзимни қисар.
Кўзим юмсам уни кўраман,
Шундан ёшга тўлади кўзлар.
Хат ёзмайман. Баъзан сим қоқиб
Ҳол-аҳволин сўрайман… Аммо
Ярим тунлар уйғониб гоҳо
Ўй сураман шифтга жим боқиб.
Далаларда қўнаркан шудринг,
Тонгни қарши оламан титраб,
«Она, — дейман, — мани кечиргин»,
«Она», — дейман лабим пирпираб.

ШОИРНИНГ ОНАСИ
Она келиб олис қишлоқдан
Ўғли билан яшай бошлади
Ва дастурхон ёзилган чоқда
Ширмой ноннинг четин тишлади.
Ювиб берди бир бозор кирни,
Сувлар қуйди сўлган гулларга.
Неваралар боғчадан қайтгач,
Эртак айтиб берди уларга.
Авайларди хонадон тинчин,
Суйган ўғли уйнинг бурчида,
Қоғоз узра эгилганча жим
Шеър ёзган пайт тутун ичида.
Қадам босиб хавотир билан,
Қўрқар эди нафас олишга.
Тунлар хуррак тортмай дея у
Бош қўярди тонгда болишга.
Аммо бир кун мазаси қочиб,
Кўз олдида ёруғлик сўнди.
Қўлларидан тушиб кетди-ю,
Чил-чил бўлиб пиёла синди.
Ўша заҳот ҳушига қайтди,
Чайқаларди ўнгида олам.
У югуриб чиққан ўғлига
Шивирлади: «Кетайми, болам?»

Фароғат КАМОЛ
ОНАМГА

1
Юлдузлар йиғлабди тун бўйи, она,
Шабнам япроқларда жавдираб турар.
Соғинч ини айтиб тонгга жимгина
Олис уфқларга бош урар йўллар.
Йўлларнинг бошида маъюс турибди
Узоқ болаликнинг масъум севинчи.
Эҳ, йўллардан келиб қийнайди мени
Аламдийда йиллар, йиллар Соғинчи.
2
Қайдадир олисда фиғон чекар най,
Масофалар жуда узун туюлар.
Шамоллар дайдийди ўзлигин билмай,
Кўзларимда мунис бир сиймо турар.
Қуршар хотиралар қуюни секин,
Қаерга бошлайди, ахир, қаерга?
Узоқлашиб кетар мендан бу қуюн,
Аста йиқилади таниш қабрга.
3
Сассиз урилади вақт шамоллари,
Кўзларимга сокин тунлар қуйилар.
Чорлайди ҳорғин бир умид сингари
Олис уфқларга туташган йўллар.
Ва чорлар уфқда мени бир Соғинч,
Энтикиб бораман интиқ чорловдан.
Соғинчим сиз, она, Соғинчим билан
Олис уфқларда учрашамиз ҳам…

Аъзам ЎКТАМ
ОНАМГА

Йиғига ўхшаган табассум билан
Яна қошингизга қайтмоқдадирман.
Бу ерда ҳеч кимса парво қилмаган,
Дил розимни сизга айтмоқдадирман.
Мен осмондан ерга тушиб қолганман,
Дўстлар хиёнати бошимни эгиб.
Муҳаббат, висолдан безиб қолгандим,
Ҳатто бахтиёрлик жонимга тегиб.
Шеърсиз — бедард кунлар бисёр бунчалар,
Шодумон кунларим ортиқ кўпайди.
Илҳом мени серноз маликалардек
«Фуқаро, фуқаро, фу, қаро!» дейди.
Қадаҳга эгилган бошни кўтарсам,
Юрагим ҳирқираб сўз айтди оғир:
«Шоирмас сўзни минг куйларга солган,
Шеърни деб минг куйга тушганлар шоир!»
Асаблар қақшайди дунёга боқсам —
Ҳануз тўқнаш келар етимлар, туллар.
Уруш ўчоғининг нафси ёмондир —
Унга ўтин бўлар болалар, гуллар!..
Биз қутлуғ манзилга етмоғимиз шарт,
Кураш интиҳоси — саодат зотан.
Ўзни фидо этмак ҳам ахир бир бахт,
Биз ватанга керак, бизларга ватан!
Яшолмасанг бутун ҳаётинг бекор —
Бир қалбда ишқ бўлиб, саодат бўлиб.
Мовий келажакка бормаслик даркор,
Эзгуликдан машъум «қора хат» бўлиб.
Манзилим олисдир, менга йўл тиланг
Бобом Муқаннанинг кўйлагидек оқ.
То заминда тинчлик барқарор бўлсин,
Дунёнинг иқболи янада порлоқ!

Зебо МИРЗО
ОНАМГА

Оқ сочлари оппоқ тун унинг,
Умри ҳалол ишққа байроқдир.
Оҳ, юзлари дунёи дуннинг
Гўзалидан чиройлироқдир.
(Бўлолмадим ҳассасичалик),
Отам дардин кўтарган моҳим,
Ушоққина онам кўнглига
Бир ҳовуч нур бергил, илоҳим!
Ўзи потраб чиққан чашмадай
Ёнингиздан оқдим-у, кетдим.
Ўзгаларга дарё тутдим-у,
Оҳ, онам-а, сизни унутдим.
Қалдирғочлар мендан яхшироқ,
Бахт тўкади ҳур қучоғига.
Мен ҳам унинг тирноғиман-у,
Арзимайман, лек тирноғига!
Исмалоқлар бўйини тараб,
Баҳор шошса юрган жойига,
Раббим, мени гул қилиб ярат,
Ҳеч бўлмаса, унинг пойига!..

Беҳзод ФАЗЛИДДИН
ОНАМ ЁЗОЛМАГАН ШЕЪР

Сочларимда оқ гуллар,
Кел, уларни тер, болам.
Йўлингга муштоғ йўллар,
Болам бўлиб бер, болам.
Кўксимга ой беркитдим,
Юлдузларга чой тутдим,
Отангдан ҳам кўп кутдим,
Бахтим бўлиб бер, болам.
Титраган созингни қўй,
Бўғиқ овозингни қўй,
Қалам-қоғозингни қўй,
Ўғлим бўлиб бер, болам.
Йўл учун туққанмидим,
Гул учун туққанмидим,
Пул учун туққанмидим,
Борим бўлиб бер, болам.
Қалдирғоч синглинг беҳол,
Қанотидан хатни ол.
Ишинг кўпдир, эҳтимол,
Келмай қўявер, болам…

Манба: kh-davron.uz

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *