ЎЗБЕКИСТОННИНГ 100 САНЪАТКОРИ ДУШАНБЕДА!

“Ўзбекистон ҳаво йўллари” рейси билан Душанбега 6 март куни ўзбекистонлик 100 дан ортиқ санъаткор етиб келди. Улар 9 март куни кечқурун Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев иштирокидаги “Дўстлик кечаси” консертида иштирок этишади.
Ўзбекистонлик санъаткорлар орасида Юлдуз Усмонова, Шерали Жўраев, Фаррух Зокиров, Озодбек Назарбеков борлиги айтиляпти.

Тожикистондан консертда, кутилишича, таниқли хонандалар Давлатманд Холов, Нигина Омонқулова, Рустам Дулоев, «Шашмақом» ижрочилари, рақс гуруҳлари қатнашади.

Консертга икки давлат раҳбаридан ташқари, Ўзбекистон расмий делегасияси аъзолари, Тожикистон ҳукумати ва парламенти аъзолари, жамоатчилик вакиллари ташриф буюради.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга давлат ташрифи ҳақида расмий маълумот берилганди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Тожикистон Республикаси президенти Эмомали Раҳмоннинг таклифига биноан 2018 йил 9-10 март кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлади. Олий даражадаги музокараларда икки мамлакат ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестисиявий, молиявий, транспорт-коммуникасия, туризм, маданий-гуманитар соҳалардаги ва ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, фуқароларнинг ўзаро ташрифларини осонлаштириш масалалари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилади.

Музокаралар якунлари бўйича президентларнинг Қўшма баёноти, Ўзбекистон – Тожикистон давлат чегарасининг алоҳида участкалари тўғрисида шартнома, Фуқароларнинг ўзаро қатнови тўғрисидаги битим, шунингдек, турли соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган жами 25дан ортиқ ҳужжат имзоланиши режалаштирилган.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *