Тожикистон масжидлари ўз даромадлари борасида ҳисобот бериб туради

Тожикистондаги барча диний муассасалар эндиликда ўзларининг мол-мулки ва даромад манбалари ҳақида ҳисобот бериб туришлари керак бўлади. “ТРда виждон эркинлиги ва диний бирлашмалар тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасига киритилган ўзгартиш 22 январдан бошлаб кучга кирди.

Тожикистон ҳукумати таклифи билан Қонунга киритилган ўзгартишга биноан, “диний бирлашмалар, шунингдек, масжид, черков ва синагогалар ўзларининг даромадлари, мол-мулклари, ишлатаётган восита ва жиҳозлари, шунингдек ходимларнинг маошлари ва тўланган солиқлар борасида ҳисобот бериб туришлари” керак бўлади.

Тожикистонда масжидлар, черковлар ва мамлакатда ягона бўлган синагога диндорларнинг хайрия маблағлари ҳисобидан фаолият юритади. Масжидларнинг имом-хатиблари болалар туғилганда айтиладиган азон, никох ва жаноза ўқишлари ҳисобига пул олиб туришади.

Бироқ, 2014 йилдан бошлаб жомъе масжидлари ва беш маҳал намоз ўқиладиган масжидларнинг имом-хатиблари худди давлат хизматчилари сингари маош оладиган бўлди, маош оладиган имом хатиблар сони мамлакатда 265 нафар экани айтилади. Тожикистон Уломалари Кенгаши раиси, муфтий Саидмукаррам Абдуқодирзоданинг маоши 2 минг сомони (220 доллардан сал кўпроқ), Жомъе масжидларнинг имом-хатиблари 1500 сомони, масжидларнинг имомлари 800 сомони маош олади. Бошқа диний бирлашмаларга, жумладан бошқа конфессиялар вакилларига маош кўзда тутилмаган.

Эслатиб ўтамиз, 2012 йилда Тожикистон Дин ишлари бўйича қўмита масжидларга ибодатхоналардаги хизмати учун ҳақ олаётган ходимларҳақида маълумот беришни юклаган эди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *