“БИР ДАРЁДАН  СУВ  ИЧАДИГАН  ХАЛҚМИЗ!”

Ўзбек-тожик халқи минг йиллар давомида ён қўшни бўлиб яшаб келган. Ён қўшниларда эса, хоҳ бу икки оила бўлсин ё икки давлат кирди-чиқди, олди-берди муносабатлари бўлмоғи табиий. Аммо Ўзбекистон ва Тожикистон орасидаги муносабатлар мустақилликнинг ўтган маълум муддатида жуда мураккаблашиб, гўё ёқалашиш ҳолигача етган эди. Хушбахтона, бугун бу муносабатлар дўстона тус олиб, кирди-чиқди, олди-берди муносабатлари қайта тикланмоқда. Бунда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Тожикистон давлат Раҳбари Эмомали Раҳмоннинг хизматлари беқиёс, албатта. Шунингдек,Фарҳод Каримов каби мард ўғлонлар, омадли тожирларнинг ҳам хизматлари катта. Бу инсон эзгу ният ила елиб-югуриб, бугун Хўжанд шаҳрида “Ўзбекистон савдо маркази” ташкил этди.    

 Мухбиримиз қуйида Фарҳод Каримов билан ушбу савдо маркази ташкил этилиши ва келгусидаги фаолияти хусусида суҳбатлашди.

 

– Тожикистонда, Хўжанд шаҳрида “Ўзбекистон савдо маркази”ни ташкил қилиш фикрига тўхталиб ўтсангиз?

–Ростини айтадиган бўлсам, Тожикистон билан боғлиқ ниятлар ёшлигимдан бор эди. Тожикистонлик бир дўстим бор. Ҳар гал у билан суҳбатлашганда, Тожикистон ва Ўзбекистон орасида бир кўприк қурамиз. Икки халқ ҳеч бир қийинчиликсиз бир-бирининг дийдорига тўйишига хизмат қиламиз, деб ният қилардик. Бугун ўша ниятимиз сари илк қадамларни ташлаяпмиз. Шу йилнинг апрел ойида Душанбе шаҳрига Ўзбекистон маҳсулотлари кўргазмасига келган эдик. Тожикистон Ҳукумати бизни жуда яхши кутиб олди ва намойиш жараёнида тожикистонликларнинг самимий муносабатларию маҳсулотларимизга бўлган қизиқишлари менда Тожикистонда Ўзбекистон савдо марказини ташкил қилиш фикрини пайдо қилди. Биринчи маротиба ота-онамга шу фикримни айтгандим, улар кўзларида ёш билан менга дуо беришди. Икки мустақил давлатда яшасакда, бир дарёдан сув ичадиган халқмиз.

 

– Савдо марказининг асосий иш фаолияти нимадан иборат?

Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни арзон ва қисқа муддатларда халққа, ҳамда тижоратчиларга етказиш, халқни талабини ўрганган ҳолда уларга керакли маҳсулотларни етказиб бериш. Ҳозир ушбу марказимизда маҳсулотларни улгуржи (оптом) сотувини йўлга қўйдик. Бу маҳаллий тожирлар учун жуда қулай. Лекин яқин кунларда оддий халқ учун ҳам чакана савдони йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Маҳсулотларимизни бозорда халққа арзон нархларда сотилишини таъминлаш мақсадида махсус комиссия ташкил этиш ниятимиз ҳам бор. Агар маҳаллий тожирлардан қайси бири биз белгилаб берган нархлардан қиммат сотса, у билан ҳамкорликни давом эттирмаймиз. Бизни асосий мақсадимиз, халққа арзон ва сифатли маҳсулотларни етказиб бериш.

 

Мазкур савдо марказида неча турдаги маҳсулотлар сотувга қўйилган?

Ҳозир Ўзбекистон савдо марказига 100 дан ортиқ турли-туман корхоналар маҳсулотлари келтирилган ва биз халқ талабини ўрганган ҳолда, уларга керакли маҳсулотларни етказиб келишни режага олганмиз. Савдо марказимизда маиший техникалар, қурилиш материаллари, кийим-кечаклар, оёқ кийимлари, кир ювиш воситалари, болалар ўйинчоқларидан тортиб, уй-рўзғор буюмларининг бир-неча турлари билан танишишлари ва сотиб олишлари мумкин.

 

– Савдо марказидаги маҳсулотларнинг нархи ва сифатига тўхталиб ўтсангиз?

  • Савдо марказидаги маҳсулотларимизнинг сифатига катта эътибор беряпмиз. Чунки бизни Тожикистон билан боғлиқ режаларимиз жуда ҳам катта ва Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган барча маҳсулотлар сифат жиҳатидан талабга жавоб бера олади. Ўзбекистон маҳсулотлари бошқа хорижий давлатлар маҳсулотларидан қолишмайди. Қолаверса, биз бу ерга энг сифатли маҳсулотларни олиб келганмиз. Нарх масаласида эса, шуни айтиш мумкинки, биздаги бир болалар машинаси Тожикистон бозорида 210 сомоний экан. Биз шу машинага 88 сомоний нарх қўйганмиз. Савдо марказимизга ташриф буюрган харидорларнинг сўзлари ҳам буни тасдиқламоқда. Бизнинг маҳсулотлар маҳаллий бозорларга нисбатан 40, 50 ҳатто баъзи маҳсулотлар 60 фоизгача арзон эканлигини айтишмоқда. Биз маҳсулотларни Ўзбекистондаги корхоналардан завод нархида олиб келганмиз. Бу маҳсулотларни Ўзбекистонда ҳам шу нархларда сотишади. Қолаверса, тижоратчиларга бу катта имконият. Чунки улар Тожикистонинг ўзида истаган маҳсулотларини божхона ва йўл чиқимларисиз тез ва истаганларича ҳажмда буюртма бериб, сотиб олишлари мумкин.

– Ўзбекистон савдо марказининг келгусидаги режалари қандай?

Режаларимиз кўп. Ўзбекистон савдо марказини Душанбе шаҳрида ва Тожикистонинг бошқа минтақаларида ҳам ташкил этиш ниятимиз бор. Ҳозир Душанбедаги “Саховат” бозоридан бизга Душанбеда савдо марказини очиш таклифини билдиришмоқда. Худо хоҳласа, яқин кунларда Душанбеда ҳам савдо маркази очилади. Бундан ташқари Хўжанд шаҳрида Ўзбекистон бозорини ташкил қилиш мақсадимиз бор. Ўзбекистонинг барча маҳсулотлари мазкур бозорда завод ва фабрикаларнинг ўз ишчилари томонидан асл нархларида сотилади. Ўз магазинларимизни очишни ҳам режалаштиряпмиз.

 

–Тожикистонда Ўзбекистон савдо марказини ташкил этилишига Ўзбекистон ҳукумати қандай қаради? Бундай марказнинг очилишига Тожикистон Ҳукумати қандай ёндашди? Сизларни тожикистонликлар қандай кутиб олди?

Мазкур ғоя билан Ўзбекистон ҳукуматига чиққанимда, муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев жуда яхши қабул қилдилар ва жуда катта эркинликлар яратиб бердилар. Барча корхона ва заводларни манзилларини бериб, бизга ўз маҳсулотларини етказиб беришларига катта ёрдам бердилар. Тожикистон Ҳукумати ҳам жуда яхши қабул қилди. Бизга керакли барча имкониятларни яратиб беришди. Хўжанд шаҳри Ҳокими ҳам жуда яхши қабул қилиб, бизга барча керакли шароитларни яратиб бердилар.  Ҳар иккала Ҳукумат раҳбарлари ва вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман.

Халқ бизни қандай қабул қилганини уларнинг савдо марказимизга келгандаги ҳолатлари ифодалаб турибди. Ҳатто баъзилари бизни қувонч кўз-ёшлари билан қарши олишяпти. Бундан ортиқ қабул қилишмаса керак.

–Мана бир неча кундирки, Тожикистондасизлар ва таассуротлар қандай?

–Таассуротлар борган сари ёрқин хотиралар билан тўлиб бораяпти. Бир дарёдан сув ичадиган икки халқнинг муносабатлари чуқур ва абадий бўлиши учун ташланаётган ҳар бир қадамимиз омадли бўлаётганидан жуда ҳам хурсандмиз.

 

Суҳбатдош: Холбиби Баҳодирзода, “Замон”.

 

One comment

  • Адҳам

    Марказ фаолиятига омад тилаймиз. Ўзбекистондан сифатли молларнинг арзон нархларда келиши Хитойдан келаётган сифатсиз моллар йўлини тўсса ажаб эмас. Ҳамма ерни Хитойнинг сифатсиз маҳсулотлари босиб кетган эди, ўзиям. Ўзбек биродарларимизнинг ишларига омад тилаймиз. Бизнинг туманларда ҳам филиалларини очишса яхши бўларди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Facebook