МОЖАРО

 

Марҳум отадан қолган жайдари уйга эмакдош ака-укалар талашиши катта можарога айланди. Можарони ҳал қилиш йўлларини излашиб биродарлар ва уларнинг вакиллари пойтахтга келишди. Уч йил бўлди, баҳс давом этмоқда унинг гирдобига янгдан-янги ҳуқуқ органлари, ташкилотлар вакиллари ва одамлар тортилмоқда.

Кетма-кет бўлиб ўтган суд мажлисларининг ҳукмидан ва ҳалномаларидан норози бўлган даъвогар Худойназар Давидов газета идорасига келди. Редакциянинг топшириғи билан вазиятни ўрганиш учун журналист йўлга чиқди.

 

АМАКИ УЙИНИ СОТИБ ЖИЯНИНИНГ ҚАРЗИНИ ТЎЛАДИ

Мамлакатимиз пойтахтининг қуйироғида қурилган “Саховат” бозорининг ён томонида жойлашган норасмий автомобиллар вокзалидан жануб йўналишларига одам ташийдиган норасмий таксилар ҳайдовчилари изғиб пассажир қидирмоқда.ш9

Эрта саҳар бўлишига қарамай, тумонат одам. Ҳар бири кўзлаган манзилига тезроқ етишни истайди.

-Куйбеш мерафтагиии ҳастай?

-Панҷ як нафар!

-Хола, биё Қурған арзон мебарам!

-Қумсангир одам ҳаст?

-Тағоӣ, биё ба Шаҳритуз арзон мебарам!

-Колхозобод мебарам.

Ана шу автомашинада борсак бўлади, шекилли. Ҳайдовчи билан бироз савдолашдигу йўлга чиқдик.

“Нексия” тамғали автомашинасини катта автотрассада ўрта тезликда ҳайдаб кетаётган шофёрдан йўл ҳамроҳларимиздан бири сўрайди:

-Колхозобод ноҳияси Ж. Румий номига қўйилган-ку, нега эски номи билан аташади?

– Э, билмадим, ака. Халқ орасида ҳалиям Колхозобод машҳур. Мен ўзим яқинда Москвадан келдим. Қумсангир ноҳиясидаги Ленин номли колхознинг еттинчи бўлимиданман. Апрель ойида Худо хоҳласа яна Москвага кетаман. Бир проблема бўлди шунга келдим.

– Нима проблема? – қизиқиб сўрайди шеригимиз.

– Э, нимасини айтасиз? Акамнинг ўғли банкдан пул қарз олган экан. Фоизини вақтида тўлай олмай, қарзининг ҳажми кўпайиб кетибди. Душанбеда бир хонали уйим бор эди. Шуни сотдиму жиянимнинг қарзини тўладим. Отам яқинда ўтди. Ўтган ҳафта қирқ бердим. Раҳматли у кишиям невараси учун озор чекар эди. Хайрият, тириклигида қарз тўланди-ю, у киши осуда бўлдилар.

– Э, отангга раҳмат, – дейман ичимда. – Мард йигит экансан.

Дунёнинг иши қизиғ-а? Биров биродари жонини қутқариш учун хону монини сотишга тайёр, бошқа биров эса…

– Баҳорда эркаклардан ишчи кучи деярли қолмайди, – гапини давом эттиради ҳайдовчи. – Россияга ишга кетишади. Хайрият, тақдиримизда шу Россия бор экан. Қишлоғимизда пайдо бўлаётган янги уйлар, автомашиналар муҳожирлар пулидан.

– Бунчалик бўлмаса керакгов, – деб ўйлайман ва йўл четларида аҳён-аҳён баҳор ташвишида бўлажак боғ майдонларида куймаланиб юрган дехқонларга кўзим тушади. Ер бетидан охирги ёққан қор эриб кетмаган бўлса- да, тадбиркор деҳқонлар бўлажак қишлоқ хўжалиги ҳосилига замина яратмоқда. Боғ яратиш, келажакда унумли ҳосил олиш ғамида қор аралаш лойларга ботишиб юришибди азаматлар куйиб, танларини жунжуктирадиган совуқ қор бағридан яратувчи баҳор нафаси уфурмоқда эди.

– Келдик, – деган овоздан ўзимга келдим.

Машина Жалолиддин Румий ноҳиясининг автовокзалида тўхтаган эди.

Ака-уканинг баҳслари, жанжаллари, ҳақорату ноқонуний ҳаракатлари 2010 йил 25 июн куни биринчи марта Жамолиддин Румий ноҳия суд мажлисига олиб келди. Судланувчи Худойназар Давидов 1965 йилнинг 15 декабрида туғилган. Ўрта махсус маълумотга эга. Зоотехник. Беш фарзанднинг отаси. Жалолиддин Румий ноҳияси, Фрунзе жамоати, Насосная қишлоғида яшайди.

Суднинг муайян қилишича, 2010 йил 24 апрелидан 25 апрелига ўтар кечаси Фрунзе  жамоати ҳудудида жойлашган Холмуродов қишлоғида онаси ва эмакдош акаси яшайдиган уйга келиб, пичоқ билан уйнинг деразасини тақиллатиб, акасига: “Отамнинг уйини бўшат”, деб хархаша қилади, ҳақоратлайди, “ўлдираман”, дея қўрқитади.

Ўша кеча Худайназарнинг бақир-чақирларига жавоб бермай, уйдан чиққан эмас. Бу ҳолатни шоҳид Давидова Айминос (ака-укалар онаси), Имомова Бубайда (Худайберди Имомовнинг хотини) тасдиқлади.

Шоҳид Давидова С. ни Хатлон вилояти Румий ноҳия суди 25 июн 2010 йилда ўтказилган суд мажлиси протоколида Давидова С. деб хато ёзилган, бу далилни тасдиқламай, эри Давидов Худойназар онасининг уйига борганини кейин билган. Қўшнилар билан муносабати яхшилигини айтган. Эри автоаварияда бошидан жароҳатланганини айтиб, унинг саломатлигига ишора қилган. Худойназарнинг бошидан жароҳатланганини онасиям айтган.

Суднинг хулосасида тергов давомида шоҳидлар Маҳмадиев С. ва Давлатов Б. томонидан берилган кўрсатмалар ўқиб берилди, деган. Лекин у қанақа кўрсатмалар экани номаълум бўлиб қолган.

Энг қизиғи шуки, суд шоҳидлар А. Давидова ва С. Давидова кўрсатмаларининг изидан бориб, Худойназар Давидовнинг “бошидан жароҳатланганини ҳисобга олиб”, унга нисбатан айблов ҳукмини чиқарган. Агар судланувчининг руҳий ҳолати меъёр доирасидан четга чиққанлиги ҳақида духтур хулосаси бўлса, мажбурий даволанишга жўнатиш йўллари ҳам бор эди-ку.

Дарвоқе, бош жароҳати ҳақида. Худойназар Давидовнинг айтишига қараганда, 2006 йил эмакдош акаси Худойберди Имомовнинг Москва шаҳрида муҳожир бўлиб ишлаётган куёви ёнига чақирди. Йўлда у ўзининг «Volvo» автомашинасида айтилган жойга бораётиб, автофалокатга учрайди. Фалокат жойидан уни Москва шаҳрини ГАИ ходимлари касалхонага жўнатишади. Худойназар аввал Москва шаҳрида, сўнг Душанбеда марҳум таниқли духтур Чобулов назоратида даволанади. Руҳий ҳолатида нуқсон борлиги ҳақида бирор бир ҳужжат йўқ.

Ўша автоавариядан сўнг Худойназар «Volvo» тамғали автомашинасидан ва 2000 Америка долларидан маҳрум бўлди.

-Ҳамма жанжаллар шундан бошланди,- дейди Худайназар.

К. Нуруллоев раислигидаги Ж. Румий суд ҳайъати Худойназар Давидовни икки ҳаракати бўйича гуноҳкор, деб билди.

Биринчи гуноҳи – манзилга бостириб кириш, яъни 2010 йил 24 апрелга ўтар кечаси Худойназар Давидов эмакдош акаси Худойберди Имомовнинг уйига унинг хоҳишига қарши бостириб кирган.

Тўғри, Тожикистон Республикаси конституциясининг 22- моддасига биноан уй-жой дахлсиздир. Қонунчиликдан ташқари, кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари уй-жойларга бостириб кириш ва шахсий уй-жойлардан маҳрум этишга йўл қўйилмайди.

Суднинг нуқтаи назарини қабул қилсак, кечаси ака-уканинг, қариндошларнинг уйига бориш мумкин эмас. Шундай ҳам бўлсин, дейлик. Аммо манзилнинг нималигини қонунчилик назари билан аниқлайдиган бўлсак, Худойберди Имомов яшайдиган уй қонунчиликдаги манзил маъносига тўғри келмайди. Тожикистон Республикаси “ Манзил кодекси”да расмийлаштирилган уй-жой манзил дейилади. Худойберди Имомов яшаб турган уй-жой манзил эканлигини тасдиқлайдиган ҳуқуқий ва меъёрий бирор ҳужжат йўқ. Демак, Тожикистон Республикаси Жиноий кодекси 120- моддаси бўйича талқин қилинадиган объект – манзилнинг ўзи йўқ (биз мавзуга кейинроқ қайтамиз. Чунки даъвонинг асосий сабаби ана шу уй. Муаллиф). Объект бўлмагандан кейин жиноят ҳам бўлмаслиги керак. Бу ҳолат гўёки саҳрода ҳужжатсиз қурилган шийпондек.

Лекин суд йўқ объектда “содир этилган жиноят учун” Худойназар Давидовни Тожикистон Республикаси Жиноий кодексининг 120- моддасида ва шу кодекснинг 63- моддаси асосида тадбиқи билан жамиятдан ажратилган ҳолда 1 йилу 2 ой давомида ҳар ойлик маошидан 15 фоизини давлат ҳисобига ўтказишни раво кўрди.

Худойберди Давидовнинг 2010 йилнинг 24 апрелдан 25 апрелга ўтар кечаси содир этган иккинчи гуноҳи – акаси яшаб турган уйнинг деразасини пичоқ билан тақиллатиб , акасини ўлдирмоқчи бўлгани ва ҳақоратлагани.

Суд протоколида Худойназар ва Худойбердининг онаси 80 ёшдаги Айминос Давидова уй-жойга бостириб кириш, ўлдириш таҳдидини тасдиқлади, деган ёзувлар бор. Лекин кампирнинг ўзи ва Худойназар Давидов биз билан бўлиб ўтган кўпгина суҳбатларда буни тасдиқлашмади.

-Менинг қўлимда пичоқ борлигини ҳеч ким кўргани ҳам йўқ, – деди Худойназар Давидов. Суд протоколида судланувчи ўз айбини қисман бўйнига олди, дейилган. Лекин қайси қисмини бўйнига олди? Манзилга бостириб киришними? Агар шундай бўлса, юқорида айтиб ўтганимиздек, бу турар жой қонуний “манзил” эмас. Устига устак, бу уйда унинг онаси ва укаси яшайди. Суд Худойназар Давидовнинг бу ҳаракатини Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 120- моддаси бўйича квалификациялаган.

Гуноҳларнинг иккинчи қисми, яъни пичоқ билан ўлдирмоқчи бўлиб, дағдаға қилгани, Жиноят кодексининг 147- моддаси, 2- қисми бўйича баҳоланган. Лекин Худайназарнинг қўлидаги пичоқни ҳеч ким кўрмаган-ку. Худойберди Имомовнинг ўзи ўша куни уйидан чиқмаган.

Суд протоколида ўзининг ўғли “Содир этган жиноятни тасдиқлайман” деган ёзувни 83 ёшдаги ёзишни, ўқишни билмайдиган нафақахўр Айминос Давидова ўқиб кўрдимикан?
Шу ерда Тожикистон Республикаси Конституциясининг 88- моддасини эслаш жоиз. “Судлов жараёни ўзаро мунозаралар ва томонлар тенглиги принциплари асосида амалга оширилади”.  Суд жараёнидаги тенглик принциплари бу ерда бузилган.

Худайназар Давидовнинг иккинчи жиноятини суд Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 147- модда, 20- қисми билан квалификациялаган. Санкцияси – озодликдан беш йил маҳрумлик.

Охир-оқибат Хатлон вилояти Ж. Румий ноҳияси К. Нуралиев раислигида, котиб Жаъфаров Т.К прокурор ёрдамчиси Қурбонов С.З., таржимон Узоқов Р. ва ҳимоячи Қурбонова иштирокида 2010 йил 25 июн куни ўтказилган суд мажлисида Худойназар Давидов Тожикистон Республикаси Жиноят кодексининг 120-моддаси ва 147-моддаси 2-қисми бўйича гуноҳкор, деб тан олинди. Ва юқорида тилга олинган жиноят кодексининг 63- моддаси тадбиқи билан бир йил олти ой  ахлоқ тузатиш – меҳнатга ҳукм қилиниб, иш ҳаққининг 20 фоизини ахлоқ тузатиш – меҳнат жойини аниқловчи органлар муайян этган иш жойига ўтказиш чораси тайинланди. Далилий ош пичоқ йўқ қилинди.

Шу билан даъвогар жанжаллар, қасдма-қасдликлар тугаши, ора очиқ бўлиши керак эди. Умуман, ҳуқуқ органлари, жумладан, суднинг биринчи вазифаси қабул қилинган қарорлар, ҳалномалар, ҳукмлар бор муаммоларни ипидан игнасигача ўрганиб, адолатли ҳал қилиш ва жамият қоида-қонунларини бузган кишиларни тарбиялаш ва тўғри йўлга бошлаши лозим.

Шу нуқтаи назардан эмакдош ака-укалар Худайберди Имомов ва Худойназар Давидов даъволари ҳал бўлиб, томонлар ярашиши лозим эди.  Лекин бундай бўлмади.

Худойназар Давидов ўзини алданган, марҳум отаси Давидов Сулаймондан қолган, ҳозир эса эмакдош акаси Худойберди Имомов яшаб турган уйда унинг улуши бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Онаси 83 ёшли Айминос Давидова ҳам шунга тарафдор. Шу мақсадда у Ж. Румий ноҳияси манзиллар хўжалиги идорасига техник паспорт олиш учун мурожаат қилган ва шу асосда 25 сентябр 2010 йил 843- рақамли ҳужжат олинган. Лекин техник паспорт мулк эгаси ҳуқуқини бермайди. Шунинг учун А. Давидова Ж. Румий ноҳияси раиси Р. Ҳакимовга мурожаат қилган. Бу мурожаатларнинг икир-чикирлари бизга номаълум, лекин биз қўлимизда ноҳия раиси номига мурожаатни текшириш натижаси ҳақида “гузориш”нинг нусхаси бор. Ж. Румий ноҳия давлат ҳокимият маҳаллий ижроия органи меҳнат бўлими Х. Маҳмадиев ва ноҳиядаги Фрунзе номли қишлоқ жамоати раиси Ш. Холбоев имзо қилишган бу ҳужжатда Айминос Давидовага 0. 20 гектар ер, Худойберди Имомовга 16 гектар ер берилганлиги ҳақида маълумот бор. Мурожаат қилувчиларга мулк соҳиби ҳуқуқига эга бўлиш учун судга мурожаат қилиш учун маслаҳат берилган. Шу маслаҳатга кўра, Худойназар Давидов ва онаси Айминос Давидова Ж. Румий ноҳиясига мурожаат қилишган.

Х. Давидовнинг Ж. Румий ноҳияси судига турар-жойга эга бўлиш ҳуқуқини пайдо қилиш ва шу йўлда бўлган тўсиқларни бартараф этиш учун қилган мурожаатини биринчи марта судя Бахтиёр Абдураҳмонов 5-6 ой давомида ўрганди ва суд жараёнини олиб борди. Сўнг жавобгар томон, Худойберди Имомов, судяга ишончсизлик билдирди ва “отвод” берди.

“Отвод”ни судя Бахтиёр Қурбонов қабул қилди ва шу билан суд жараёни тўхтатилди. Энди даъво мурожаатини Худойназар  Давидовнинг эски таниши, унга судлов ҳукмини чиқарган ноҳия судя раиси Қосим Нуруллоев олиб борадиган бўлди.

Ҳурматли газетхон, эсингизда бўлса, шу судя Худойназар Давидовни эмакдош акасининг ҳовлисига бостириб кирди, уни пичоқ билан ўлдирмоқчи бўлди, деб суд кесган эди.

Аслини олганда, судя Қосим Нуруллоевнинг фуқаро Худойназар Давидовнинг даъвосини суд мажлисида кўриш қонунга хилоф эмас, лекин одоб юзасидан унчалик тўғри эмас эди. Шу нуқтаи назардан даъвогар Худойназар Давидов судя Қосим Нуруллоевга норозилик билдириб, “отвод” берди. Лекин судя Қосим Нуруллоев “отвод”ни қабул қилмади. Нега? Бу саволга жавоблар суд жараёни иштирокчиларининг далилларида бор, лекин улар тилларига келтиролмайдилар.

-Худойназар Давидовга нисбатан бир марта суд жараёни олиб бориб айблов ҳукмини чиқарган эдингиз. Нега унинг даъвосиниям сиз судя сифатида кўрдингиз,- сўрайман судя Қосим Нуруллоевдан унинг иш кабинетида.

Монитордаги қабулхона, айвон ва кўчага қўйилган кузатув камералари кузатаётган тасвирлардан кўзини узиб менга қарайди.

-У бошқа масала эди, бу масала – бошқа,- деди судя.

Тўғри, масала бошқа-бошқа, лекин даъвогарлар, жавобгарлар ўша-ку.

Суд протоколи ва ҳалномага мурожаат қиламиз.

Айминос Давидованинг жавобгар Худойберди Имомовга нисбатан турар-жойга эгалик ҳуқуқини пайдо қилиш ва шу йўлдаги тўсиқларни олиб ташлаш, оддий қилиб айтадиган бўлсак, Сулаймон Давидовдан қолган, ҳозир ўғли Худойберди Имомов турган уйни олиш даъвогарлик аризасини кўриш бўйича суд мажлиси бошланди. Судда Қосим Нуруллоев раис, С. Бўриев котиб, У. Қурбонов даъвогар ҳимоячиси, Х. Қосимов жавобгар ҳимоячиси, М. Ҳамроқулова ва О. Аминова таржимон сифатида қатнашганлар.

Шу суднинг ўзида Худойберди Имомов онаси Айминос Давидовага қарши даъво ва Ж. Румий ноҳия манзил ва коммунал хўжалик идораси уй учун берган техник паспортни бекор қилиш ҳақида қарши аризасини кўрди. Мазкур суднинг 2011йил 3 октябрдаги ҳалномасига қараганда, Давидова Айминос эри марҳум Сулаймон Давидов билан 1965 йил Ж. Румий ноҳияси Фрунзе қишлоқ жамоатига қарашли Холмуродов қишлоғида ўзлари қурган уйда ҳозиргача яшаб келмоқда.

Эри Сулаймон Давидов 1998 йил 17 сентябрда 71 ёшда оламдан ўтган.

Ўзининг саводсизлиги туфайли эри ўлгандан сўнг уйни ўз номига ўтказдирмаган. Лекин Фрунзе қишлоқ жамоати китобининг қайд варағида 20-рақам билан қайд қилинган. Ўғли Худойберди доим уйига келиб, уни безовта қилиб, қийнар ва тинч яшагани қўймас экан. Эри билан қурган уйни ўғли Худойберди ўзиники қилиб эгаллаб олган. Суддан шу уйни ўзининг номига ўтказиши ва шу йўлдаги тўсиқ, ўғли Худойбердининг қаршилигини ҳал қилиб беришни сўраган.

Ўғил, Худойберди Имомов, онага қарши даъво қилди ва шу уйга Ж. Румий ноҳия манзил ва коммунал хўжалиги берган техник паспортни эътибордан соқит қилишни сўради.

Худойберди Имомовнинг судда кўрсатишича, шу уйда 59 йилдан бери яшаб келмоқда. Марҳум отаси Сулаймон Давидовнинг ижозати билан уйни 1999 йил, 26 август куни Жалолиддин Румий (собиқ Колхозобод) ноҳияси «Янги турмуш» колхози правлениесидан сотиб олган ва ўша вақтдан буён шу ерда яшаб келмоқда.

Бу қанақаси бўлди?! Ота 1998 йил 17 сентябр оламдан ўтди- ку, қарийб бир йил олдин ижозат қайси турда бўлди экан?

Худойберди Имомов 86 яшар онаси Айминос Давидованингсаводсизлигига ҳам ишонмайди.

– Агар саводсиз бўлса, қандай қилиб Ж. Румий ноҳияси, С. Исаев шаҳарчаси Гагарин кўчасидаги марҳум акасининг уйини 15 минг Америка долларига сотди? – суддан сўрайди у.

Шарҳ: Айминос Давидова биринчи эридан туғилган ва 30 ёшида вафот этган ўғлининг С. Исоев шаҳарчаси Гагарин кўчаси, 11- уйни Ноибов Ҳозирхўжа номли фуқарога 15 минг долларга сотган.

– Бундан ташқари, – давом этади суд мажлисида Худойберди Имомов,( дарвоқе, Имомова – онасининг фамилияси), – бироқ бу уйни биз ўзимиз қурганмиз, деб ёлғон гапирмоқда. Уйни собиқ Янги турмуш қишлоғи қурган.

Ўзининг суддаги мавқеини мустаҳкамлаш учун яна бир неча далилларни келтиради. Жумладан, баҳс қилинаётган уйда у 59 йилдан бери яшаб, 1980 йилдан буён коммунал хизматлар  ҳақларини тўлаб келмоқда. Маъмуржон, Муроджон, Муҳаммаджон, Малоҳат ва келини Дилноза яшаб келмоқда. Яъни, бу уйда буларнинг ҳам ҳаққи бор демакдир. Худойберди Имомовнинг судга билдирган фикрича, даъвогар томон судга мулк соҳибини муайян қилувчи ҳужжат кўрсатилмаган. Онаси Айминос Давидова укаси Худойназар Давидовнинг босими таъсирида Ж. Румий ноҳиялараро техник қайдга олиш корхонасига ариза билан мурожаат қилиб, баҳс қилинаётган уйга 2010 йил 25 сентябрда 843 рақамли техник паспорт олган ва суддан шу ҳужжатни эътибордан соқит қилишни сўраган.

Судда Худойназар Давидов Худойберди Имомовнинг эмакдош укаси оналари Айминос Давидова номидан чиқиш қилган. Суднинг ҳалномасида айтилишича, акаси Худойберди Имомовнинг далилларини рад қилган.

– Худойберди менинг отамнинг ўғли эмас, – деган Худойназар. – Ҳатто қонун бўйича фарзанд ҳам ўқилмаган. Отам онамга уйланганда Худойберди онамнинг бўйида 3 ойлик гумон бўлган. Шунинг учун ҳам онамнинг фамилиясида. Ҳовлидаги ошхона, молхонани раҳматли отам қурган эди. Бу ҳовли-жойни отам 1997 йил 15 август куни Янги турмуш колхозидан сотиб олган.

Ҳурматли газетхон, шу ерда суд мажлис жараёнидан чиқамиз. Бизнинг қўлимизда иккита маълумотнома (справка) нусхалари бор.

Биринчиси 1997 йил 15 август куни берилган. Унда ўзбек тилида шундай дейилган:

Айнан кўчирамиз.

“Справка

Берилди “Янги турмуш” колхоз правленияси томонидан колхоз аъзоси Давидов С. шул ҳақдаким, ўзининг яшаб турган уйини махсус комиссия актига асосан, 12 700 сўмга сотиб олди. Ҳозир яшаб турган уйи шахсий, деб

Колхоз правлениеси раиси Мениёров А.

Колхоз бош бухгалтери Абдурасулов Ш.”

Икки жойда ҳам бир хил имзо. Бу справканинг асл нусхаси топилмаган ва судга ҳам берилмаган.

Иккинчи, српавка 259 рақами билан 26 август 1999 йил Худойберди Имомовга берилган. Бунинг ҳам асл матнини берамиз:

“Справка

Берилди ушбу Колхозобод ноҳиясига қарашли Янги турмуш колхоз правлениеси томонидан Имомов Худойбердига шу ҳақдаким, Республика Президентининг 1995 йил 8/Х1 ойдаги №671 фармони ноҳия ҳукуматининг 1996 йилги 16-қарорига асосан, 10 йилдан ортиқ стажга эга бўлиб, ҳозир ҳам шу колхозда мунтазам ишлаб келаётган ўқитувчилар ва уруш йилларидаги ветеранлар, колхозчиларга колхоз балансидаги яшаб турган уй-жой хусусийлаштириб берилди.

Колхоз правлениесининг 1996 йилги 23-феврал ойидаги №2 қарорига асосан колхозда яшаб ва ишлаб турган колхозчиларга яшаб турган уйлари сотилди.

“Колхоз бош бухгалтери Аннақулов”

Справкада муҳр йўқ, фақат колхознинг номи Хатлон вилояти ва Колхозобод (ҳозирги Ж. Румий ) номи ёзилган штампи қўйилган.

Справка колхоз кассасига 60 минг рубл топширилгани ҳақида кассага даромад қилиш ордерининг квитанцияси бор. Рақами 547, 09 май 1999 йил берилган.

Бухгалтериянинг ҳисобот қонун-қоидалари бўйича кассанинг даромад ордерига бутун муҳр шундай қўйиладики, унинг ярми квитанцияга тушиши керак. Сўнг кесиб олиниб, пул топширган шахсга берилади. Худойберди Имомов пул топширганлиги ҳақидаги квитанцияда бутун муҳр турибди. Энг ажаблантирадигани шуки, муҳр доираси ичида тожик ва рус тилларида шу ёзувлар бор: “ Фрунзейский с\с агропромышленного объединения Колхозабадского района Курган -Тюбенской области Таджикиский ССР”, хўжалик колхознинг номи ўқиш имконияти бўлмаган, муҳр жуда ҳам хиралашиб, ҳарфлари билинмайдиган қилиб босилган.

Справкадаги штампи ва квитанциядаги муҳрда ёзилган ноҳия, вилоят, республика номларида жуда катта фарқ бор. Квитанцияда босилган муҳр совет давридан қолган Ленин номли колхоз, вилоят номлари ўзгарганда эски муҳр топширилиши лозим эди. Лекин нега топширилмади? Бу саволга жавобни тааллуқли органлардан кутиш лозим. Бу далилни Қ . Нуруллоев раислигида суд ҳам инобатга олмаган. Суд ҳалномасида шоҳид Менгнарова ( ҳалномада шундай ёзилган, Менгировдир”. 1995 йилдан 1998 йилгача “Янги турмуш” колхозига раис бўлганлигини айтган. Давидов Сулаймон шу колхозда ишлаганида кўпгина мукофотлар олганини айтган. Энг қизиғи шундаки, Худойберди Имомовга берилган справкани ҳам ва С. Давидовга берилган справкани ҳам дуруст берилган деб тасдиқланган. Бу қанақаси бўлиши мумкин? Бир уйни икки одам сотганлиги ҳақида икки справка ҳам тўғри бўлиши мумкин эмаску? Улардан ёки биттаси тўғри бўлиши, ёки иккови ҳам нотўғри бўлиши мумкин, ҳаётда иккинчи ҳақиқат йўқ-ку! Шоҳид Аннақулов Г. айтишича, у 1995 йилдан 2004 йилгача “Янги турмуш” колхозида Бош бухгалтер бўлиб ишлаган, номига №547 рақамли 5 май 1999 йилда Х. Имомовга берилган касса ордерини у ёзмаган. У ерда Имомомиддинов А. имзо қилган.

Суд жараёнида Худойназар Давидов ва унинг ҳимоячиси Қурбонов У. Ҳудойберди Имомов колхозда ишламаган ва у баҳсда турган уйни олиш ҳуқуқи йўқ деб даъво қилишган. Судга берилган ва суд жараёнида кўрилган ҳужжатларга қараганда, Жалолиддин Румий ҳукумати 1996 йил 16 ноябр асосида қабул қилинган “Янги турмиш” колхози правлениеси қарори билан Худойберди Имомовга ўгай отаси ва туққан онаси яшаган уйни беришган. Бу ҳақида юқорида айтиб ўтилди. Баҳсга сабаб бўлган бошқа нарса Тожикистон Республикаси Ҳукумати 1995 йил 8 ноябрда қабул қилинган 671 қарори асосида колхоз балансида турган уйларда 10 йилдан ортиқ яшаган ўқитувчиларга уйлар сотилиши лозим эди. Худойберди Имомов ўгай отасининг номига расмийлаштирилган уйни 49-мактабда буфет- ошхона ишчиси бўла туриб олган. Даъвогар томонининг фикрича “Янги турмуш” колхоз правлениеси шу уйни Худойберди Имомовга тилга олинган Тожикистон Республикаси Ҳукумати қарорига хилоф равишда сотган. Суд бу ҳолатни аниқламаган ва жавобгарнинг 49- мактабда буфетчи-ошхона ишчиси бўлиб ишлаган ва ёки ишламаганлиги ҳақида справка талаб қилмаган. Тажрибадан биламизки, маориф соҳасида ташкилотларда фаолият кўрсатадиган умумий овқатланиш корхоналари маориф соҳасига бўйсунмайди. Улар фақат умумий овқатланиш бўйича хизмат кўрсатади. Қарши даъвони илгари сурган Худойберди Имомов онаси, эмакдош укаси Худойназар Давидовнинг уйга бўлган даъвосини рад этиш билан бирга шу уйга олинган техник паспортни бекор қилинишини суддан сўраган. Бу масала бўйича Ж. Румий районлараро техник қайдга олиш корхона ишчиси Салим Бобожонов ҳам жавобгар сифатида суд мажлисида иштирок этган. Чунки Айминос Давидова аризаси асосида баҳсда турган уйга шу одам техник паспорт тайёрлаган. 2000 йилнинг 25 сентябр куни Давидова Айминосга 843 тартибли рақам билан техник паспорт берилган. Судда Ж. Румий районлараро техник қайдга олувчи корхона ишчиси Салим Бобожонов бу ҳужжатни Айминос Давидованинг аризаси  ва ноҳиядаги Фрунзе жамоатидан унинг номига 0.20 гектар ер борлиги ҳақида справка асосида техник паспорт тайёрланганини айтган. Бу техник паспорт Айминос Давидовага фойдаланувчи сифатида берилган. Берилган техник паспорт қанчалик қонуний асосга эга?

Шу савол билан “Манзил ва коммунал хўжалиги” Давлат унитар корхонаси Бош директори ўринбосари Султонова Марҳабо Мировнага мурожаат қилдик.

-Бизнинг корхонамизда шу ишлар танзим қилиб қонуний йўлда олиб бориш учун дастурларимиз бор,- дейди Марҳабо Мировна. – Биринчи дастуримиз 2012 йил 07 февралда 81/13 рақами билан расмиятга киритилди. Шу дастурнинг иккинчи бобига кўра кўчирилмас мулк, иншоот ва бошқа объектлар техник қайдга олиш корхоналари томонидан ҳуқуқий аниқловчи ҳужжатларнинг оригинал (асл) ҳужжатлари манзур этилганда ҳуқуқий қайдга олинади. Жумладан, баҳс этилаётган турар уй-жой бўйича:

– давлат ҳокимияти маҳаллий ижроия органлари томонидан бемуҳлат фойдаланиш, турар-жой қурилиш ижозати ҳақида қарор;

– нотариус томонидан тасдиқланган сотиб олиш ва сотиш тўғрисидаги шартнома;

Кўчирилмас мулкни шахсий моликиятга топшириш ҳақидаги нотариус тасдиқлаган шартнома;

Мерос ҳақида шаҳодатнома;

  • Кўчмас мулкни хусусийлаштириш ҳақида актлар ва бошқалар.

Хуллас, Марҳабо Мировнанинг айтиши бўйича, Айминос Давидовага уй ҳақидаги техник паспорт ўрнатилган тартибга хилоф равишда берилган.

– Лекин, – дейди Марҳабо Мировна, – уйнинг техник паспорти ҳуқуқий меъёрий ҳужжат эмас. Суд уни бекор қилиши шарт эмас эди.

– Республикамизнинг Хатлон вилоятидаги районларида бизга бўйсунадиган корхоналар оммавий техник паспорт бериш борасида ишлари суст. Мана, Суғд вилоятида ҳам шўролар давридан қолган кўплаб уйлар керакли бўлган ҳуқуқий ҳужжатларга эга эмас эди, – дейди “Манзил коммунал хўжалиги” Давлат унитар корхонаси техник қайдга олиш бўлими мутахассиси Ховар Самадов. – Техник қайдга олиш корхоналари ўтган асрнинг 60-70 йиллларида ҳужжатсиз қурилган уйларни излаб топиб, бир рўйхат қилиб, бир қарор билан расмиятга киргизишмоқда.

Суд жараёнига қайтамиз. Тожикистон Олий Суди 2004 йил 25 июнда ll -Пленумда ќабул ќилинган ќарори 3- қисмида ҳуқуқий муайян қиладиган қайдга олиш шаҳодатнома давлат ҳокимяти маҳаллий ижроия органлари томонидан қабул ќилинган қарор асосида берилади.

Қосим Нуруллоев раислигидаги суд ана шу асосда  Айминос Давидовага берилган техник паспортни бекор қилди.

Ҳайрон қоларли жойи шунда-ки, айнан шу ҳолатда бўлган ва шу ҳовлида жойлашган 2008 йил 5 май Ж. Румий ноҳия суди ҳалномсига мувоффиқ Ноибов Ҳозирхўжа номига ўтказилган уйнинг техник паспорти қонуний ҳолатда қолдирилган.

Хуллас, 2011 йил 3 октябрда Қосим Нуруллоев раислигидаги суднинг қабул қилган ҳалномаси бўйича даъвогар Айминос Давидованинг марҳум эри Сулаймон Давидовнинг уйига мулк соҳиби бўлиш даъвоси рад қилинди. Жавобгар Худойберди Имомовнинг онаси даъвосига қарши қўйган даъвоси қондирилди. Ж. Румий районлараро қайдга олувчи техник идора Айминос Давидова номига 2010 йил 25 сентябр 843 рақами билан берган уй техник паспорти беэътибор , деб эълон қилинди.

Табиийки, бу ҳалнома даъвогар томонини қониқтирмади.

Даъво янги поғонага кўтарилди. Худойназар Давидов ўрнатилган қоида бўйича онасидан ваколатнома олиб оқловчи Умарали Қурбонов билан биргаликда Хатлон вилоят судига кассацион тартибда Ж. Румий ноҳия судининг ҳалномасини бекор қилишини сўраб ариза беришди.

Аризада қуйидаги далиллар келтирилган;

– Ҳалномада Х. Давидовнинг даъвогар сифатида берган баёноти кўрсатилмаган;

-Жавобгар Худойберди Имомов , ҳам жавобгар Салим Бобожонов, шоҳидлар Ҳозирхўжа Ноибов, Сайфиддин Саъдуллаев, Холмирза Тангиров кўрсатмалари ҳақиқатдан узоқ маънони бериш учун бузиб кўрсатилган;

– даъвогар томонидан кўрсатилган шоҳидлар Бобоёр Абдувалидов, Донобой Қийшиқов, Мустафоқул Шафоатов суд мажлисида сўралмаган;

– Худойберди Имомов марҳум Сулаймон Давидовнинг фарзанди эмаслиги, унинг отаси Вахш ноҳиясидан бўлиб, номи Аллоёр эканлиги ва у қонун бўйича меросхўр бўлолмаслиги;

-Худойберди Имомов  49- мактабда ошпаз бўлиб ишлаган ва у колхознинг уйини Тожикистон Республикаси Ҳукумати қарори асосида ололмаслиги;

-Худойберди Имомовлар уй учун 60 минг рубл топширгани ҳақида квитанция ва шу ҳақидаги справка ноқонуний эканлиги;

-2010 йил 25 июн судя Қосим Нуруллоев Худойназар Давидовга нисбатан айбловчи ҳалнома қабул қилганлиги учун унинг дъвосини кўрмаслигини;

Ҳаммаси бўлиб, кассацион аризада 26 та далил кўрсатилиб, Ж Рудакий ноҳияси судида Қ. Нуруллоев раислигида қабул қилинган ҳалнома бекор қилиниши ва ишни бошқа суд ҳаяти томонидан кўрилиши сўралган.

Даъвогар Худойназар Давидов  ва унинг оқловчиси Умарали Қурбонов ёзган бу аризани Ҳатлон вилоят суди гражданлар ишлари бўйича коллегия Ш. Темуров раислигида судялар Д. Аҳмадова, М. Исоев иштирокида 2011 йил 17 январда кўриб чиқди. Колегия мажлисида судя Д. Аҳмедов маъруза қилган. Маъруза ва суд ҳаятининг кассацион қарорида биринчи зинадаги суднинг ҳалномасининг нусхаси деса бўлади.

Жумлалар, иборалар гўёки бир томчи сувдек бир-бирига ўхшаш.

Шунинг учун њам ќарор биринчи зина суди ҳалномаси ўзгартиришсиз ќолдирилди.

Давогар томон Тожикистон республикаси Граждан процессуал кодексининг 351 моддасига биноан, биринчи зина судининг ҳалномасини бекор қилишни сўраган эди. Вилоят гражданлар иши бўйича суд коллегияси Тожикистон республикаси Граждан процессуал кодексининг  349 – моддаси, 350 – модда биринчи абзаци ва 355- моддаси асосида биринчи зина судининг ҳалномасини ўз кучида қолдирди.

Шундай қилиб Айминос Давидова ва Худойназар Давидовларнинг бу урунишлари ҳам кўнгилдаги натижани келтирмади.

Айминос Даидованинг номидан унинг ўғли Худойназар Давидов ва оқловчи Умарали Қурбонов Хатлон вилояти судига кассация аризаси беришди. Бу аризани Хатлон вилояти суди судяси С. Пиров умуман қабул қилмаслик ҳақида тайинот чиқарди. Даъвогар томон охирги имконятдан , Тожикистон раҳбарига муроажаат қилиш, ҳуқуқидан фойдаланди ва ҳозирги пайтда ушбу  даъвони ҳал этилиши Тожикистон Олий судида кутилмоқда.

Хизмат сафарим давомида Холмуродов, Насосная қишлоқларида, Фурунзе қишлоқ жамоатида, Ж. Румий ноҳия маркази С  Исоев шаҳарчасида кўпгина одамлар билан учрашиб, турфа хил суҳбатлар қурдик. Шулардан уй можорасига боғлиқ бўлган  баъзи бирларини газетхон эътиборига манзур этамиз. (Давоми бор)

Ҳайдар Жўраев, “Замон”

 

 

 

One comment

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Facebook