БАНКМИ Ё ҚАЛЛОБЛАР УЮШМАСИ?

Охирги вақтлар одамлар орасида банкларга нисбатан ишончсизлик ортиб бормоқда. Буни у ёки бу табақадаги инсонлар билан суҳбатлашаётганда уларнинг гап-сўзларидан англаб олиш қийин эмас. Шу ўринда савол туғилади: Нега?

Хўш банкларни мижозлар ишончини йўқотишига нима сабаб бўлмоқда?

Нега у ёки бу банк мижозлар қўлидан қурутдай санаб олган пул – амонатни қайтариб беришдан бош тортмоқда?

Кўчадаги қаллобга алданиб қолсангиз ўзингиздан хафа бўласиз. Оҳ-воҳ чекасиз. Аммо пулингизни банкка олиб бориб иккитарафлама шартнома боғлаб, амонат сифатида топширсангизу фойдасини олиш ўрнига ўзини ҳам қайтиб ололмасангиз, арзингизни кимга айтишни ҳам билмай қоларкансиз.

Умр бўйи емай, ичмай, тишини ковагида асраган пулларини қариганимда асқотади дея банкка қўйиб “куйиб” қолган одам ўзини ҳар ёққа урар экан. Ҳатто ўз жонига қасд қилишгача бориб етмоқда бундай ишларнинг натижаси.

84 ёшли аёл амонатини ололмай ўзини ўлдирмоқчи

Душанбе шаҳрида яшовчи 84 ёшли нафақахўр Роза Асанова банкка қўйган омонатини қайтиб ололмагач керакли ташкилот раҳбарларига қилган кўплаб мурожаатлари натижа бермагандан сўнг матбуот  орқали мамлакат Президентига мурожаат қилишга қарор қилди.

Р.Асанова ёзган очиқ хатида келтирилишича у 2009 йилда тўплаган пулларини «Тожпромбонк»ка депозит сифатида қўяди. У яшаётган ўз уйи ва кейинроқ қизларини яшаш манзиллари ва бошқа молларини сотиб, ўзи туғилган Россияга кўчиб кетишга тайёргарлик кўра бошлаган. Айни пайтда барча пулларни «Тожпромбонк»да очдирган банк ҳисобига депозит сифатида қўяди. 2016 йилнинг май ойида муҳлати тугагач Россияга кетиш учун пулларини фойдаси билан қайтариб олишга «Тожпромбонк»ка келишади. Аммо у бугунгача пулларини ололмай сарсон бўлиб юрганини ёзади.

Асанова “Биз Россиядан уй сотиб олиш учун тинмай пул йиғардик аммо ҳамма ниятларимиз барбод бўлди. Бизнинг ишларимизни ҳеч бир натижаси бўлмади. Бизни алдашди ва пулларимизни ўғирлашди” дейди.

Худди шу йўсинда уч Асоновлар оиласи қашшоқчиликка дучор бўлганлигини қуйидагича изҳор этади Роза Асанова:

– Биз яшамаяпмиз, фақатгини бу ҳаётда тирик юрибмизгина, холос” дея арз қилади Роза Асанова. –  Ман оғир бетобман, зўрға йўл юраман. Саратон касалига чалинганман, қанд касалидан азият чекаман, қон босимим баланд, бир маротиба инсультни бошдан ўтказдим. Даволаниш учун пулим йўқ аста-аста ўлиб бормоқдаман. Умр йўлдошим оламдан ўтди. Мен бошқа сабр қила олмайман, ўзимини ўзим ўлдиришдан бошқа иложим қолмади, бундай яшашдан ўлим менга афзал.

Роза Асанова давлат раҳбарига мурожаат қилиб, “Биз ҳаммамизда Россия фуқаролиги бор, бизни пулимизни бериб ўз юртимизга жўнатиб юборишсин”, деб ёрдам сўрайди.

Маълумки, Тожикистон Миллий Банки жорий йилнинг феврал ойида “Тожпромбонк” ва “Фононбонк”нинг ижозатнома (Лицензия)сини қайтиб олган  эди. Миллий Банк шарҳида шундай келтирилган: “Юқорида зикр этилган банкларни ижозатнома(Лицензия)ларини қайтиб олинишининг асосий сабаблари бу банклар мижозлари талабини қондира олмагани ва уларни эҳтиёжларини таъминлай олмагани ҳисобланади”.

 

“Мен банкка пул бердим, унинг ишчисига эмас!”

Тожикистон давлат раҳбари, мамлакат президенти, тинчлик ва миллий бирлик асосчиси – Миллат пешвоси Эмомали Раҳмонга матбуот орқали истаравшанлик оқсоқол Оқилов Обиддан йўлланган яна бир очиқ мактубда шундай келтирилади:

“Бизнинг “Тожиксодиротбонк” билан ҳамкорлигимиздан келиб чиққан ҳулосам шу бўлдики, бу банк ишончли эмас ва мамлакатимизнинг банк сиёсатини савол остига қўйиб, оддий халқнинг банкларга бўлган ишончи йўқолишига сабаб бўлмоқда.

Бу банк Тожикистон қонунчилигидаги халқ учун амонат қўйиш ва ундан фойда (фоиз) олишга жавоб бермай, мен берган 23 минг 100 АҚШ доллари ҳажмидаги пулимни олиб, қайтариб беришдан ҳар хил баҳоналар билан бош тортмоқда.

Мен ҳам бир неча мижозлар қаторида ушбу банк сиёсатидан азоб чекдим ва 80 ёшли қария охирги нажот Сиз – Миллат пешвосига мурожаат қилишдан бошқа иложим қолмади ва ишонаманки сиз адолат ўрнатувчисиз. Чунки “Тожиксодиротбонк”ни ишчиларини бундай иш тутиши бир томондан банк имиджини бузса, бошқа томондан мустақил юртимизда банк сиёсатининг обрўси йўқолишига асосий сабаб бўлмоқда. Бундан ташқари бу каби ишлар одамларнинг банклар билан ҳамкорлигни савол остига қўяди ва юқорида таъкидлаб ўтганимдек банкларга бўлган ишончни йўқотади.

Менинг қиссам шундай: Нафақадамен. Ёшим 80да. 50 йил умримни давлат хизматида халқнинг фойдаси учун сарфладим. 50 йил умримни Зафаробод ноҳиясида духтурлик билан, халқ саломатлигига қайғуриб ўтказдим. Қаричилик шундай вақт эканки, ҳар доим ёрдамга, ёрдамчига муҳтож бўлар экансан.

2013 йил аёлим вафот этгандан сўнг Зафаробод ноҳиясидаги манзилимни сотиб, ундан тушган 23 минг 100 долларни қизим номига “Тожиксодиротбонк”нинг Зафаробод ноҳиясидаги филиалига депозит шаклида амонат учун қўйдик. Биз қўйган амонат ойига 303 доллар фойда келтирарди ва шу пулларга биз рўзғор тебратар эдик.

Ҳамма муаммолар 2015 йил август ойидан бошланди. 2015 йилнинг 14 сентябр куни мазкур банкнинг Зафаробод ноҳиясидаги филиали бошлиғи Акрамов Расулжон  Абдуҳафизович қўлга олинди. 15 сентябр куни биз банкка бориб, аҳволни суриштирдик. Улар берган жавоблардан шок ҳолатга тушдик. Уларнинг айтишича, бизнинг ҳисобда 100 доллар пул бор, халос. Яъни 23 минг доллар биз қўйган пул йўқ. Биз тезлик билан Зафаробод ноҳияси прокуратурасига мурожаат қилдик. Ўша куни яна уч киши номаълум сабабларга кўра банкдан пулини ололмай ноҳия прокуратурасига мурожаат қилган экан ва шу мурожаатлар асосида жиноий иш очилди. Биз жабрдийдиа сифатида иштирокчига айландик.

Текширув охирига етди ва фақатгина судда биз тушундикки прокуратура бизнинг пулларни  “Тожиксодиротбонк”ни собиқ директори  Расулжон Акрамов бўйнига қўйишибди. “Тожиксодиротбонк”  ҳам бизга ўхшаб жабрланувчи экан. Бизнинг даъвомиз банкка эди унинг филиал раисига эмас. Хулоса шундай бўлдики, бизни пулларни банк эмас унинг собиқ директори Расулжон Акрамов қайтариши керак экан.

Банк жабрланувчи эмас ярим жавобгар бўлиши керак эди. Аммо бу нарсага на прокуратура на суд эътибор қаратмади.

7 маротиба суд бўлди, аммо иш ҳал бўлмади

2016 йилнинг сентябр ойигача  7 маротиба суд бўлиб ўтди ва биз ҳам унда иштирок этдик. Акрамов  судда айтишича бизни пулларни банк ҳисобига ўтказган. У бир неча маротиба  “Мен пулни банкдан чиқарганим йўқ”, дея хитоб қилди. Бу сўзларни Истаравшан шаҳри  судяси ҳам эшитди. У ердаги прокуратура вакили ҳам. Аммо барибир “Тожиксодиротбонк” жавобгарликка тортилмади. Аксинча бу текширувда ҳам банкни жабрланувчи деб чиқаришди.

Яна бир лаҳзага судялар эътибор беришмади. Акрамов айтишича унинг қариндошлари қарзини ёпиш учун 80 минг доллар пул йиғиб беришган, аммо шу пулдан 60 минг долларигина ишлатилган халос. Қолган 20 минг долларнинг тақдири нима бўлди? У пуллар қаерга кетганлигини ҳеч ким сўрамади.

Энг қизиғи Акрамов ҳатто адвокат ҳам олмади аммо ишонч билан айтардики пул банкдан ташқарига чиққани йўқ. Бундан хулосага қилиш мумкинки, “Тожиксодиротбонк”  Акрамовнинг қамалиши билан 10 минглаб доллар қарздорлардан қутиляпти.

Афсуслар бўлсинки, бундай иш “Тожиксодиротбонк”нинг тажрибасида биринчи бор эмас экан. Олдинроқ “Тожиксодиротбонк”нинг  Тоғли Мастчоҳ ноҳиясидаги филиал раиси қамалиб, банк 10 минглаб доллар амонатни тўлашддан қутулган, собиқ раис зиммасига юклашган экан.

 

Жабрланувчилар иштирокисиз ўтган Суд

2016 йилнинг сентябр ойи Мустақиллик байрамидан олдин бизни байрамдан сўнг суд ҳукми чиқади деб ишонтиришди. Аммо 11 сентябр куни жабрланувчилардан бири  Назир Назиров телефон қилиб суд, аллақачон, ўтиб бўлганлигини айтди. Биз ҳайратдан ёқа ушладик. Қандай қилиб суд жараёни жабрланувчилар иштирокисиз бўлиб ўтиши мумкин?

Худди ўша куни биз Истаравшан шаҳрига йўл олдик. Уларнинг бизга берган жавоби биз учун кутилмаган “сюрприз” бўлди. Суд сизлар берган ариза асосида жабрланувчилар иштирокисиз ўтди. Энг қизиғи шундаки, биз умуман ариза ёзганимиз йўқ.

Хулоса ишни шундай якун топдики, “Тожиксодиротбонк” сувдан қуруқ чиқиб, Расулжон Акрамов бўйнида катта қарз билан қамоққа ташланди.

Аммо бизди даъвомиз банкка эди, унинг филиал бошлиғига эмас!

Шу билан  бирга “Тожиксодиротбонк” нинг Зафаробод ноҳияси филиали  ҳамма масъулиятни собиқ раиси бўйнига қўйиб бизни амонатни  тўлашдан бош тортди.

Агар юқорида зикр этилган мурожаатлардан фикр қиладиган бўлсак. Албатта, банкнинг ҳам ўз ички сиёсати бордир аммо банк муҳри ўйинчоқ бўлмаса керак?! Банк муҳрига ишонч бўлмаган вақтда аҳоли амонатини қайси банк муҳригаю қайси банк ходимига ишонсин?!

Албатта биз хусусий банкларни айблашдан йироқмиз. Қолаверса, юртимиздаги баъзи банкларнинг ишлари аъло даражада. Аммо барибир бир ўринли савол туғилади: Хусусий банкларга ишониб бўладими? Одамлар онгида чарх ураётган бу саволга келгуси сонларда жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

 

                                                Мурожаатлар асосида Ўктам РИЗАЕВ тайёрлади.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *

Facebook