ТОЖИКИСТОН “БОЖХОНА ИТТИФОҚИ”ГА ҚЎШИЛАДИМИ?

 

Ўрта Осиё давлатларида Қирғизистон ва Қозоғистон “Божхона Иттифоқи”га кирганидан сўнг, “Энди навбат Тожикистонгами?”, “Тожикистон қачон Божхона Иттифоқига қўшилади?” ёки “Тожикистон нега Божхона Иттифоқига қўшилмаяпти?” деган гап-сўзлар кўпаймоқда.  Аслида, «Божхона Иттифоқи»қандай келишув ва унинг асосий ютуқ ва камчиликлари нимада? Экспертлар бу борада нима дейишмоқда? Тожикистон “Божхона Иттифоқи”дан қандай фойда ёки зарар кўриши мумкин? Унга қўшилиш учун иқтидоримиз етадими? Иттифоққа қўшилган давлатларда аҳвол қандай? Тожикистон халқи давлатимизнинг мазкур иттифоққа қўшилишини хоҳлайдими?

«Божхона Иттифоқи» қандай юзага келди?

Бу иттифоқнинг келиб чиқиш тарихи 1995 йилга бориб тақалади. Худди шу йили  Россия, Қозоғистон ва Белорусия давлатлари етакчилари томонидан “Божхона иттифоқи” ташкил этилди. Орадан бир қанча вақт ўтиб Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳам бу иттифоқни маъқуллади. Божхона иттифоқи кейинчалик Евроосиё иқтисодий иттифоқи таркибига киради. У Россия, Белорусия ва Қозоғистон ўртасидаги иқтисодий интеграция (бир бутун ҳолда бирлаштириш) ва тижорат турларидан бири бўлиб, ягона божхона минтақасини ўз ичига олади ва Россия, Белорусия ҳамда Қозоғистон ўртасида иқтисодий уйғунликни пайдо қилиш, ички ва ташқи божхона солиқлари нархларини бир хил даражада ушлашни ўз олдига  мақсад қилиб қўйган.

2007 йили Душанбе шаҳрида Россия, Белорусия ва Қозоғистон давлатлари ягона божхона минтақасини ташкил этиш ва Божхона иттифоқини тузиш ҳақида келишиб олишди. 2009 йилда эса Белорусия пойтахти Минск шаҳрида Россия, Белорусия ва Қозоғистон раҳбарлари учрашиб, 2010 йилнинг бошидан ягона божхона минтақасини ташкил қилиш ҳақидги шартномани имзолашди. 2011 йилнинг ёз ойларидан бошлаб Россия, Белорусия ва Қозоғистон чегараларидаги божхона текширувлари бекор қилинди. 2014 йил декабр ойида Евроосиё иқтисодий иттифоқининг навбатдаги йиғинида Қирғизистоннинг Божхона Иттифоқига аъзо бўлгани расман эълон қилинди.

   Бу Иттифоқнинг “котта”си ким?

Ҳар бир иттифоқда ҳам етакчи ёки бошқаларга қараганда кўпроқ манфаат кўрадиган томон бўлиши аниқ. Буни “Божхона иттифоқи” мисолида кўрадиган бўлсак, Россия етакчилик қилада. Божхона иттифоқига аъзо давлатлар ўртасида божхона тўловларини бекор қилиш, аксинча, унга аъзо бўлмаган давлатлардан олиб келинаётган моллар учун божхона тўловларини ошириш натижасида Россия ўз маҳсулотлари учун рақобатсиз бозорни бунёд этади. Мазкур ташкилотга аъзо бўлмаган мамлакатлардан, хусусан, Хитой ва Ғарб давлатларидан олиб келинаётган моллар учун божхона тўловлари оширилади ва бу тўловлар йиғилиб, кейинчалик ҳар бир аъзо давлат ўзи эга бўлган овозга қараб  улуш  олади. Россия Қазоғистон ва Белорусия ушбу Иттифоқнинг асосчилари бўлгани учун энг катта улушни улар олиши тайин. Ҳозирги вақтда Божхона иттифоқига аъзо бўлган давлатлардан Россия 57 фоиз, Белорусия ва Қозоғистон эса 21,5 фоиздан овозга эгалар. Бундан келиб чиқадики, кунда божхона тўловларидан тушган даромаднинг энг катта қисми Россия ҳиссасига тўғри келмоқда Россия бу иттифоқнингетакчиси экани ўз-ўзидан кўриниб турибди.      

Қирғизистон «Божхона Иттифоқи»га қўшилганидан пушаймонми?

Neweurasia.net лойиҳаси муҳаррири Кристофер Шварц  “Қирғизистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи таркибидан чиқадими?” номли мақолада Қирғизистоннинг мазкур иттифоққа аъзолиги салбий оқибатларга олиб келаётгани ҳақида сўз юритади.

Макроиқтисодий муаммолар, ўзгариб бораётган геосиёсий вазият, шунингдек, беқарорлик республикани иттифоқ таркибидан чиқишга олиб келмоқда. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзолик мамлакат иқтисодиётида кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди:

1) 2016 йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ички маҳсулот 2,3фоизга тушиб кетди;

2) Республиканинг иттифоққа аъзо бошқа мамлакатлар билан  савдо ҳажми 21,6 фоизга тушиб қолди;

3) 14 йил мобайнида Қирғизистон Республикаси иқтисодининг катта қисмини таъминлаб турган Хитой билан савдо алоқалари қийин аҳволга тушиб қолди;

4) Ички бозорнинг иқтисодий фаоллиги пасайди;

5) Бишкек Россия ҳамда Қозоғистонга борган сари қарам бўлиб қолаётгани сезиляпти.

Бошқа томондан эса, ижтимоий сўровномалар ҳамда стратегик ҳисоб-китоблар “мазкур самарасиз муносабат”ни давом эттиришга ундамоқда. Демография нуқтаи назаридан ва халқаро кузатувчиларнинг ҳисобларига кўра, Қирғизистоннинг 8 фоиздан 16 фоизгача бўлган аҳолиси ҳозирги кунда Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлган бошқа давлатларда, хусусан, Россияда фаолият юритмоқда.

“Ўзбекистон ушбу иттифоққа қўшилмайди!”

“Келгусида Ўзбекистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига қўшилиши мумкин деб ҳисоблайсизми?” деган савол билан Ўзбекистон Олий мажлиси қонунчилик палатаси спикери ўринбосари, охирги икки президентлик сайловларида ўз номзодини қўйиб, қисман овоз олган Ҳотамжон Кетмонов Ўзбекистонни Божхона келишувига қўшилиши ҳақида шундай дейди:

– Ўзбекистон ўзининг 25 йиллик мустақил тараққиёти давомида яқин қўшнилар билан ҳам, узоқ хориж давлатлари билан ҳам тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли иқтисодий ҳамкорлик тарафдори бўлиб келмоқда. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов юқори минбарларда туриб бир неча марта МДҲ ва ШҲТ доирасида ҳамкорликнинг иқтисодий йўналишини кучайтириш зарур эканлигини таъкидлаган эди. Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига келадиган бўлсак, менимча, бу ташкилот ҳозирча реал мавжуд иттифоқчилик муносабатларидан кўра ўз мақсадлари ҳақидаги декларацияни ифодалайди. Шубҳасиз, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига ўхшаш бундай турдаги ҳар қандай ташкилот ўз аъзолари сонини кўпайтиришдан манфаатдор. Бунинг учун эса иттифоқ ўз аъзолари учун иқтисодий ҳамкорликнинг жозибадор шаклига эга бўлиши ва бошқа мамлакатлар учун жозибадор шерик бўла олиши лозим. Тарихга юзланайлик. Европа Иттифоқини ташкил этиш ғояси илк бор ўтган асрнинг ўрталарида пайдо бўлган. Ўша даврдан то бугунги кунга қадар мазкур ғояни амалга оширишда фаровонлик режими, “Умумий бозор”, Европа иқтисодий ҳамжамияти каби босқичлар босиб ўтилди. Фақатгина ўтган асрнинг охирига келиб Европа Иттифоқининг тузилиши Маастрихт шартномаси орқали мустаҳкамланди. Евроосиё Иқтисодий иИттифоқи ҳам Евроосиё минтақасида ҳақиқий маънода кўп томонлама савдо-иқтисодий муносабатларнинг жозибадор шаклига айланиши учун шу каби қатор босқичлардан ўтиши лозим. Ҳозирча эса, менимча, Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар билан, жумладан, 2015 йилда Евросиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлган давлатлар билан амалдаги икки томонлама муносабатлари савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация ва маданий-гуманитар соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиши учун етарли имкониятлар яратади.

 “Божхона Иттифоқи”га қўшилиш халққа фойда, давлатга зарар

Қўшни Қирғизистоннинг “Божхона Иттифоқи”га қўшилиши тожикистонликлар орасида “Биз ҳам шу Иттифоққа қўшилганимизда яхши  бўларди” деган фикрнинг туғилишига сабаб бўлди. Гап шундаки, “Божхона Иттифоқи”га аъзо бўлган давлатлардан Россияга ишлаш учун борганларга айрим енгилликлар яратилмоқда.

Тожикистон стратегик тадқиқотлар маркази директори муовини С.Сафаровнинг айтишича, “Агар Россия Тожикистоннинг Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлиши дастлабки йилларидаги кўрадиган зарарни ўз зиммасига олса, ҳеч қандай муаммо вужудга келмайди. Хусусан, бу аъзолик давридан бошлаб давлат ғазнасига тушиши тўхтатиладиган божхона йиғимлари ҳажми билан боғлиқдир”.

Масалан, Тожикистон Евроосиё Иқтисодий Иттифоқига аъзо бўлган тақдирда, 2016 йилги давлат бюджетига келиб тушадиган 684 млн. 670 минг сомоний маблағга тенг бўлган божхона йиғимининг катта қисми давлат бюджетига тушмайди. Бошқа томондан эса, Россиянинг йирик компаниялари унчалик катта салоҳиятга эга бўлишга улгурмаган Тожикистон компанияларининг ўрнини эгаллайди. Худди шундай ҳолат ҳозирги кунда Қозоғистон билан Қирғизистон давлатларида кузатилмоқда.

Бундан  уч йил муқаддам Тожикистон Республикаси иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлиги қошида Евроосиё иттифоқига аъзо бўлиш натижасида вужудга келадиган ижобий ва салбий томонларни ўрганиб чиқиш бўйича комиссия тузилган эди. Бироқ ҳозиргача ушбу комиссия томонидан на ижобий, на салбий хулоса Ҳукуматга тақдим этилганлиги маълум эмас.

Журналист ва сиёсий таҳлилчи Неъматулло Мирсаидов божхона Иттифоқининг Тожикистон учун фойда ва зарари ҳақида шундай дейди:

Аллақачон бугун қирғизистонлик меҳнат муҳожирлари ва тижоратчилари Россия ҳудудида бир қанча енгилликларга эришди ва бу енгилликлар билан тожикистонлик меҳнат муҳожирларидан тубдан ажралиб туришибди. Бизнинг меҳнат муҳожирларимиз рус тили ва Россия қонунлари асосида имтиҳон топшириб, патентга навбатда турган пайтда, Қирғизистондан борган меҳнат муҳожири бугун  Россияда ишлаш учун рўйхатдан ўтиши ва иш берувчи билан шартнома тузишининг ўзи кифоя. Шу билан бирга, қирғизистонликларнинг ҳуқуқлари Россия Федерацияси гражданлари ҳуқуқи билан бир хилда.

Суғд вилояти меҳнат муҳожирлари билан шуғулланиш маркази маълумотларига кўра, фақатгина Тожикистон шимолида 2015 йилнинг 1 январи ҳолатида бир йил ичида Россия ҳудудида ишлаётган меҳнат муҳожирлари сони 27 минг нафарга камайган. Норасмий маълумотлар бундан бир неча марта кўп бўлиши ҳам мумкин.

Тожикистон “Божхона Иттифоқи”га қўшилган тақдирда, Қирғизистон қандай шароиту улушлар олган бўлса, Тожикистонга ҳам тақрибан шунча улуш ва фойда тегади.

Маълумки Россия Федерацияси ҳудудида ишлаётган тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг ўз юртларига юбораётган маблағлари Тожикистон ялпи ички маҳсулотидан келаётган фойданинг қарийб ярмига тенг. Аммо Россия ҳудудида меҳнат муҳожирлари учун қабул қилинган янгидан-янги қонунлар ва рус рублининг қадрсизланиши тожик меҳнат муҳожирларининг сафи қисқаришига олиб келди.

Тожикистон Миллий Банки маълумотларига кўра, 2014 йил чет мамлакатлардан келган маблағлар 8,3 фоизга қисқарган. 3,9 млрд. сомонийни ташкил қилган бу кўрсаткич 2015 йил охирига келиб 30 фоизга тушиб қолди. Шубҳасиз, “Божхона Иттифоқи”га қўшилиш аҳоли учун  фойда аммо давлат бюджети учун эмас. Аммо Тожикистон “Божхона Иттифоқи”га қўшилиш йўли билан чегараларини мустаҳкам қилиб олиши мумкин. Эслатиб ўтиш жоизки, Қирғизистон “Божхона Иттифоқи”га қўшилганидан сўнг Қозоғистондан 100 миллион долларлик техник ёрдам олишга эришди.

Юқоридаги масъала юзасидан яна бир савол туғилади , Тожикистон “Божхона Иттифоқи”га аъзо бўлиш билан бирга ўз мустақиллигини қўлдан бой бермасмикан? АҚШ, Хитой, Ҳиндистон ва Эрон каби йирик давлатлар билан жадал ривожланиб бораётган иқтисодий алоқаларга путур етмасмикан?

Шу вақтгача АҚШ  ва Европа Иттифоқи давлатлари ёрдамида ўз ечимини топаётган камбағалликка қарши кураш, қишлоқ хўжалик инфраструктурасини ривожлантиришнинг аҳволи нима бўлади?

Бу масалалар бўйича журналист ва медиатренер, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Рустам Гулов фикрлари билан танишайлик.  Айтиш жоизки, суҳбатдошимиз “Божхона Иттифоқи”ни Тожикистонга босим ўтказишни бир усули сифатида кўраркан.  Иттифоқ Тожикистонни фақат бир хом-ашё базаси ва арзон ишчи кучига, қўполроқ қилиб айтадиган бўлсак, Россия Федерацияси учун қулга айлантиради. Ҳокимиятнинг  аҳволи ҳам яхшиланмайди. Россия хоҳлаган нарсасини “Божхона Иттифоқи”ни баҳона қилиб, босим ўтказиш йўли билан қўлга киргизади. Россия Тожикистоннинг стратегик шериги, деган гап иқтисодий мантиққа эга эмас. Бизнинг асосий ҳамкорларимиз Хитой, Туркия ва Европа давлатларидир.  Россия Федерацияси эса булардан кейинги ўринда туради. Тожикистон “Божхона Иттифоқи”га қўшилган тақдирда сиёсий ва иқтисодий эркинликни қўлдан беради. Биринчидан “Божхона Иттифоқи”га қўшилиш халқ орасида икки фуқароликнинг кўпайишига олиб келади. Осетия ва Абхазиядаги 2008 йилги воқеалар ва Украина шарқида кузатилган вазиятлар такрорланиши мумкин. Россияни ўз фуқароларини ҳимоя қилиш баҳонасида ўз ҳарбийларини олиб кириши мумкин. Чуқур таҳлил қилган ҳар бир ақлли инсон “Божхона Иттифоқи”  бу шунчаки Россиянинг шу иттифоққа аъзо бошқа давлатлар аҳолисини ўзига қул қилиш механизми эканлигини ҳис қилади. Узоққа бормайлик, Қирғизистон “Божхона Иттифоқи”га аъзо бўлганидан сўнг ўзининг иқтисодий эркинлигини қўлдан бой берди ва ҳар бир қўядиган қадами Москвадан чиқариладиган қарорларга боғлиқ бўлиб қолди.

Хулоса ўрнида

“Божхона Иттифоқи” чегарасининг Тожикистон чегараларигача кенгайиши натижасида бир томондан, бошқа мамлакатлардан қочоқ моллар ҳажми қисқарса, бошқа томондан – мамлакат бозорларини тўлдириб турган ва оддий аҳоли сотиб оладиган арзон маҳсулотлар йўқолади. Хитойдан экспорт ҳажмининг пасайиши эса кичик ва ўрта бизнес ҳамда кичик савдогарликка зарба беради. Булар ҳаммаси “Божхона Иттифоқи”га кириш учун Тожикистон тўлаши керак бўладиган катта йўқотишлардир.

Тожикистоннинг “Божхона Иттифоқи”га аъзо бўлишига икки хил: ижобий ва салбий қараш ёки муносабат мавжуд. Шу тариқа,“Божхона Иттифоқи”– бу Москванинг Ғарб давлатларига қарши геосиёсий лойиҳаси, деган хавотирлар ҳам сақланиб қолмоқда. Тожикистон эса ғарб давлатлар билан, шунингдек, “Божхона Иттифоқи”га кирмаган Хитой, Эрон, ҳиндистон каби ҳамкорлари билан ҳам  муносабатлари бузилишини истамайди. Аммо “Божхона Иттифоқи” таркибига қўшилган тақдирда, Тожикистон Россия, Қозоғистон каби давлатлар томонидан ҳар тарафлама қўллаб-қувватланишини кутиши мумкин.

Охир оқибат Тожикистон бу борада қандай қарор қабул қилишини, Яъни “Божхона иттифоқи”га кириш-кирмаслигини вақт кўрсатади.

 

Ўктам РИЗАЕВ

One comment

  • Ёзган одам хакида маълумотлар керак иктидори яхшига ухшайди, сизларни давлатингиз билан боглик бир яхши лойихага ишга таклиф килмокчиман контактларини каердан топсам булади? сайт мутахасислари ёрдам берсангиз! тел номер эл почта шу каби маълумотларини йулласангиз яхши буларди.

Leave a Reply

Your email address will not be published. Required fields are marked *