ЎЛМАС ЖАМОЛ

улмас жамолМен 1934 йилнинг 17 май куни Жамол нонвой оиласида дунёга келганман. Отамнинг оталарини Назар нонвой дер эканлар. Онамиз, раҳматли Меҳринисо, Турсун ҳалвогар қизи бўлган. Мендан илгари туғилган икки ўғил, тўрт қиздан уч киши барвақт оламдан ўтиб кетганлари сабабли каминага Ўлмас деб ном беришган экан. Болалигим амарқанд вилоятининг Ургут тумани марказида ўтган. Айни пайтда бозор эгаллаб турган майдоннинг шаҳар боғи қаршисида аптека бўларди. ўша бинонинг ёнида бизнинг ҳовлимиз жойлашганди.

Дадам жуда очиқ кўнгилли, ҳазилкаш, улфат учун жонини аямайдиган, суҳбатдошларини бир гапириб, ўн кулдирадиган киши эдилар. Ҳар бир гапларини тожикча, ўзбекча шеърлар билан оро бериб, тингловчини қойил қилиб қўярдилар.

Мен Ургутда ўн икки ёшимда илк  марта асосли мактабга бориб ўқий бошлаган эдим. Бир йилда икки синфни битирдим. Сталинободга келгач, учинчи синфга қабул бўлдим. Бу ерда аввал 7-ўрта мактабда, 1954 йилдан бошлаб С.Айний номидаги ўнинчи мактабда таълим олдим. 1956 йили ўрта мактабни кмумш медал билан битириб, ўша йили Тожикистон Давлат университетининг тарих-филология факултети тарих бўлимига ўқишга кирдим.

1961 йили университетни аъло баҳолар билан битириб, бир йилча Регар районида ўқитувчи, редакция ходими, халқ маорифи бўлимининг методисти бўлиб ишлагач, Душанбега қайтиб, радионинг ўзбекча бўлимида редакторлик қилдим. 1964 йилдан буён «Совет Тожикистони» (ҳозирги «Халқ овози») газетасида ишлаб келаман. Айни пайтда расман нафақада бўлсам ҳам «Халқ овози» газетаси редакциясида меҳнат қилмоқдаман. Шеърият билан анча барвақт, 1952 йилдан буён шуғулланаман. Менинг назм оламига меҳрим тушиши юқорида айтиб ўтганимдек, ҳурматли отам Жамол нонвой Назар ўғли номлари билан боғлиқ. Ҳарқалай, олтинчи синфда ўқиб юрган чоғимда илк шеъримни ёзган эдим. 1961 йилда нашр этилган «Қувноқ садолар», 1964 йилда олам юзини кўрган «Чашмалар» алманахларида каминанинг ҳам қатор шеърлари ёритилганди. 1969 йили илк шеърлар тўплами – «Меҳр булоғи» эълон қилинди. кейинги йилларда турли нашриётларда «Қуёш васфи», «Ораста гул», «Орзу юлдузи», «Сын солнца» («Советский писатель»), «Сарҳисоб» ва ниҳоят, тожикистонлик ўзбек шоирлари орасида биринчи бўлиб, «Масрур» номли девон нашр этилди.1974 йили мени Тожикисон Ёзувчилар Иттифоқига қабул қилишган эди. айни пайтда Тожикистон Ёзувчилар Иттифоқи ўзбек бўлимининг бошлиғи, Тожикистон Республикаси Рўдакий номидаги Давлат мукофоти Комитетининг аъзоси, Тожикистонда амал қилаётган Ваҳдат ва миллий эҳё ҳаракати Раёсатининг аъзосиман.

Менга «Тожикистонда хизмат кўрсатган журналист» унвони берилган. Сомонийлар давлатдорлигининг 1100 йиллиги муносабати билан «Дўстлик» орденига сазовор этганлари учун республика раҳбариятидан миннатдорман.

                                                                        БИРИНЧИ ДЕВОНДАН

МУҲАББАТ

Муҳаббат, ошён этдинг дилимни интихоб айлаб,

Олов қонимга сингитдинг танимда инқилоб айлаб.

Мени сармаст этиб гулрў, пари суратли зебога,

Ёзар бўлдингми қиссамни ажаб, нодир китоб айлаб?

Олиб эрк, ихтиёримни наво бўлдинг ғазалларга,

Оқизсин дермисан ошиқ юракларни симоб айлаб?

Тасаддуқ сенга ёш жоним, мени тарк этмагин ҳаргиз,

Дилимдан кетмагил асло қувонч, бахтим сароб айлаб.

Умрнинг сайқали, Ўлмас, умрбоқий муҳаббатдан,

Уни куйлаш билан ўтказ ҳаётинг, тарки хоб айлаб.

1965 йил.

ГУЛ ВА БУЛБУЛ

Кечани тонг бирла, тонгни

Тун билан пайвасталаб,

Гул учун чеккай азоб

Булбул қўшиқ, куй басталаб.

Ғунча юз очганда, шабнам

Ногаҳон пайдо бўлур,

Атрини сўрмоқ учун

Баргига қўйгай аста лаб.

Уйғониб шаббода ҳам

Мастона ишқ изҳор этар,

Ишқига олмай жавоб,

Қайтар кўнгилни хасталаб.

Сўнг келиб ошиқ йигит,

Бандидан узгай жилмайиб,

Ёрига етказгуси

Райҳон-ла бирга дасталаб…

Кечани тонг бирла, тонгни

Тун билан пайвасталаб,

Гул учун чеккай азоб

Булбул қўшиқ, куй басталаб.

1967 йил.

БОР БЎЛСИН МУҲАББАТ

Меҳмон бўлиб қалбингга бир йўл,

Умрбодга қолсин муҳаббат,

Ихтиёрим олганинг каби

Ихтиёринг олсин муҳаббат.

Ҳар ситамки менга қилибсан,

Муҳаббатдан қайтсин жавоби,

Худди мендек, жоним, сени ҳам

Юз, минг куйга солсин муҳаббат.

Айтганига кўндириб охир,

Ўз йўлига сололмас бўлса,

Жоним қийнаб адо қилмасдан,

Ҳолсизланиб, толсин муҳаббат.

Муҳаббатга йўлиқмай инсон,

Ўз қалбининг қудрати билмас,

Қалб қудратинг билмоғинг учун

Уни тордек чалсин муҳаббат.

Йўқ, бу ният, қарғишим эмас,

Энг самимий, эзгу тилагим,

Муҳаббатсиз одам – одамми?

Эй Ўлмас, бор бўлсин муҳаббат.

1975 йил.

НОН

Бир увоқ нон ўрнини минг тилла кон олган эмас,

Биргина дон ўрнини ганжи жаҳон олган эмас.

Неча турли нозу неъмат бор эса олам аро,

Ҳеч бири нондан табаррукроқ бўлиб қолган эмас.

Ҳар нечук мушкул башар аҳлини қон йиғлатса ҳам,

Нонга муҳтож он янглиғ бошга ғам солган эмас.

Одамизод не буюк жангларда тойиб ҳолидан,

Нон учун кечган кураш майдонида толган эмас.

Бормикин кўнгилга урмас нон мисоли рўизқи рўз,

Бўлмаган, бўлмайди, Ўлмас, ҳеч қачон бўлган эмас.

1981 йил.

ЎЗБЕГУ ТОЖИК ЭЛИМ

(Ширу шакар)

Ўзбегу тожик элим тожи сари якдигаранд,

Ду азиз фарзанди як мулку падар ҳам модаранд.

Ул бири олтин узукдир, ҳам жавоҳир кўз бири,

Бингари, пайванди як обу гилу як гавҳаранд.

Ҳазрати Жомий, Навоий – меҳрининг сарчашмаси,

Дар сухангўйи тавоноянду бас афсунгаранд.

Не балолар бошидан довруғ солиб ўтганда ҳам

Дўстиро ҳамчу ганжи бебаҳо мепарваранд.

Эътиоқд, меҳру вафо бобида ғоят беназир,

Дар самои маърифат ҳар ду дурахшон ахтаранд.

Оқибат байроғин, дўстим, қўлингдан бермагил,

Ин ливоро то жаҳон боқист, бо ҳам мебаранд.

1998 йил.

ЭЛ ДЕГАЙ АФСОНАДУР

Ишқингиз ўтида ким

Мендек ҳамиша ёнадур,

Мен каби ким ҳуснингиз

Офтобига парвонадур?

Тошти юлдузлар қуёш

Чиққан маҳал сўнмай нетар,

Сизни кўрган не пари

Зеболигидан тонадур.

Кўзларингиз кўзмидурлар,

Бодаи оби ҳаёт?

Бир нигоҳ этганда, ошиқ

Бенаво мастонадур.

Сиз малоҳат боғининг

Шундай гули рахшониким,

Ўзга гуллар иффатингиз

Олдида ҳайронадур.

Маҳлиё боққан маҳалда

Беҳаё деб ўйламанг,

Термилиб турмай, кўнгил

Қандай висолга қонадур?

Ёпирай бўлгайму одам

Шунчалик соҳибжамол?

Таърифингиз айтса Ўлмас,

Эл дегай афсонадур.

1983 йил.

ҚИЁСИМ ИЗЛАМА

Сени севганлигим – айбим,

Менинг ўзга гуноҳим йўқ,

Бу сирдан бир ўзинг воқиф,

Бирор бошқа гувоҳим йўқ.

Ўзинг кўнглим ила хонам

Ёритгувчи қамардурсан,

Қоронғи тунларим равшан

Этаолгувчи моҳим йўқ.

Ҳусн шоҳи бўлиш даъвосини

Этган гўзаллар кўп,

Менинг-чун сен шаҳаншоҳсан,

Керакмас, ўзга шоҳим йўқ.

Сенинг васлингга етганда

Менингдек бахтиёр бўлмас,

Фақат ҳажрингда оҳ ургум,

Бўлак андуҳу оҳим йўқ.

Ватан – жисмим, элим – қадрим,

Ғазал – умрим паноҳидир,

Вале севгимни асрашда

Ўзингдек бир паноҳим йўқ.

Қиёсим излама, Ўлмас,

Муҳаббат бобида танҳо,

Бу ёрқин туйғунинг

Тавсифга олтин сиёҳим йўқ.

1982 йил.

ЛАБЛАРИНГ ОЛУ ДЕСАМ…

Лабларинг олу десам,

Йўқ, офати жонлар, дединг,

Тишларинг гавҳар десам,

Лаъли Бадахшонлар, дединг.

Айлаган эрдим қамарга

Икки рухсоринг қиёс,

Жилмайиш бирла улар

Хуршиди тобонлар, дединг.

Айдим: «Эй, моҳим, қаро

Кўзлар дилимда ёқди ўт»,

Билмасанг, билгил, улар

Аслида Чўлпонлар, дединг.

Не учун пайваста деб,

Қошларга термилдим, нигор,

Бир-биридан дил узолмас

Рамзи инсонлар, дединг.

Нега жон олгай, десам,

Пойингга бош урган сочинг,

У – илон шаклидаги

Ҳуснимга посбонлар, дединг.

Ўлмасинг шайдолигин

Билгаймисан, сўрдим яна,

Сен каби йўлимда зордир

Неча ўғлонлар, дединг.

23 июн, 1975 йил.

 СОҒИНДИМ

Фироқ шунча узоқ бўларми,

Кел, ёр юзларингни соғиндим,

То келмасанг, кўнгил тўларми,

Қора кўзларингни соғиндим.

Номинг қалбим сўроғиндадир,

Жамолинг кўз қароғимдадир,

Хуш овозинг қулоғимдадир,

Ширин сўзларингни соғиндим.

Мендан ҳаё қилганларингни,

Иффат билан кулганларингни,

Жонга ором бўлганларингни,

Дилбар нозларингни соғиндим.

Кел, кел, моҳим, эшитиб оҳим,

Кечир агар бўлса гуноҳим,

Сўзларимга ғазал гувоҳим,

Босган изларингни соғиндим.

Дутор чертиб, наво қилганинг,

Дардларимга даво қилганинг,

Ишқ мадҳида наво қилганинг,

Ўйноқ созларингин соғиндим.

1964 йил.

СЕНСАН

Тенгсиз гўзаллар ичра,

Дилбар, барноси сенсан,

Дунё санамлари гул,

Гуллар раъноси сенсан.

Равшан бўлур жаҳоним

Иболи боққанингда,

Нигоҳи дилни ёққан

Қизлар танҳоси сенсан.

Елканг узра сочилган

Сочингда тун мужассам,

Чеҳранг қиёси офтоб,

Кундуз маъноси сенсан.

Бермиш шафаққа рангин

Қирмиз лабу яноғинг,

Борлиқ севиб яатган

Санъат аълоси сенсан.

Ишқ оламида машҳур

Бўлолса бир кун Ўлмас,

Билгилки, бунга боис

Замон лайлоси, сенсан.

1968 йил.

Facebook